ЎзА Ўзбек

12.01.2017 15:12 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар ўғлим ишончимни оқламоқда

Аскар ўғлим ишончимни оқламоқда Бухорода Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Бухоро ва Тошкент вилоятларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида юртимиз хавфсизлигини ишончли ҳимоя қиладиган ихчам ва тезкор миллий армиямиз шакллантирилгани, унинг сафида хизмат қилиш шарафли ишга айланганини таъкидлади.

Видеомулоқотда ота-оналар Ватан олдидаги конституциявий бурчини ўтаётган аскар фарзандлари билан суҳбатлашди. Аскарлар ўзлари учун яратилган шароит, ҳарбий хизмат ҳақида сўзлаб берди.

– Онажон, сиз билан дийдорлашиб турганимдан жуда хурсандман, – деди аскар Тоир Аҳмедов Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи Раъно Муҳаммадиевага. – Хизматим яхши ўтмоқда. Хизматга кузатув пайтида берган ваъдамга амал қилиб, ишончингизни оқлаяпман. Қисмимизда аскарлик бурчимизни сидқидилдан ўташ учун ҳамма қулайлик яратилган.

Тошкент вилоятида хизмат қилаётган ғиждувонлик Солижон билан дийдорлашгани онаси Феруза опа ва бошқа оила аъзолари келди.

– Бўйингдан айланай, Солижон ўғлим! Анча улғайибсан, – деди неварасига Амина момо Шарипова. – Яхши хизмат қилаётганингдан мен ҳам хурсанд бўлдим. Сен билан фахрланаман. Сенга қараб, уканг ҳам акам сингари “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” деяпти. Ватан равнақи учун жон куйдираётган, тинчлигимиз посбони бўлган аскар йигитларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга раҳмат. Барча ёшлар қатори сени ҳам Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин.

Ватан, мустақиллик, она, тинчлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА