Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2015 16:35 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Аскар ўғлим билан фахрланаман

Аскар ўғлим билан фахрланаман

Сайёра опанинг бугун қувончи чексиз. Тўнғич ўғли Ёқубжон барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий хизматга йўл олмоқда. Баланд бўйли, жисмонан бақувват ва ўктам йигитларнинг сафда тизилиб туриши ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

– Фарзандининг камоли ва орзу-ҳавасини кўриш ота-она учун энг улкан бахт, – дейди Фарғона туманидан Сайёра Носиржонова. – Ўғлим Ёқубжон ҳам аскар бўлишни орзу қиларди. Мана бугун у кутган кунлар келди. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги халқимизнинг энг катта бойлигидир. Ана шу тинчлик ва осойишталикни асраш, ота-оналари, яқинлари хотиржам ухлаши, ўқишга, ишга бехавотир бориб келиши учун камарбаста бўлиб ҳарбий хизматга кетаётганлар орасида менинг ҳам фарзандим борлигидан фахрланаман.

Дарҳақиқат, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Айни пайтда муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитларни кўрикдан ўтказаётган чақирув комиссиялари аъзолари уларнинг саломатлиги, жисмоний ва маънавий баркамоллигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Комиссия хулосасига кўра соғлом деб топилган, оилавий шароити, интеллектуал салоҳияти ва маълумоти талабга жавоб берадиган йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тавсия этилаётир.

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойларда йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди. Унда чақирилувчиларнинг ота-оналари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватан, она, истиқлол ва ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА