ЎзА Ўзбек

12.01.2016 12:42 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Армиямиз – ғуруримиз, ифтихоримиз

Олий ҳарбий божхона институтида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида “Миллий армиямиз – ғуруримиз, ифтихоримиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маънавият тарғиботчилари, институт профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этди.

Олий ҳарбий божхона институти бошлиғи С.Абдухалилов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, ҳарбий қисм ва таълим муассасаларида барча зарур шароитлар яратилганини таъкидлади.

Давлат божхона қўмитаси ҳам давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат хазинасига божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифаларни бажармоқда. Божхона постларининг моддий-техник баъзаси мустаҳкамланиб, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Постларни назорат воситалари билан жиҳозлаш, ходимларнинг хизмат фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, сидқидилдан хизмат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Божхона тизими фаолияти самарадорлиги, унинг мунтазам такомиллашиб бориши кўп жиҳатдан кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Божхона ишини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишнинг муҳим шартларидан бири юқори малакали божхона ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш тизимини тубдан яхшилашдир.

Тадбирда институтда самарали фаолият кўрсатган божхона хизматчилари ҳамда фахрий ўқитувчилар рағбатлантирилди. Институт тингловчиларининг ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Нурилло Насриев, ЎзА