ЎзА Ўзбек

08.01.2016 10:41 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийликдан илк сабоқ

Президентимизнинг 2007 йил 22 майдаги “Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган ҳарбий-қурилиш йўналишидаги Самарқанд академик лицейида тўрт юздан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда.

Мардлик, жасорат, довюраклик тақозо этилгани учунми ёки йигитлик ғурури, орияти сабабми, кўпчилик ёшлар болалигида ҳарбий бўлишни, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашни орзу қилади. Албатта, бу кўп жиҳатдан болалик ҳаваси, иштиёқи билан боғлиқ. Агар боладаги бу иштиёқ қўллаб-қувватланса, иқтидорнинг юзага чиқиши учун имконият яратилса, у келажакда шу соҳанинг етук мутахассиси, мард ва жасур Ватан посбони бўлиши мумкин.

– Ҳарбий йўналишдаги лицейларнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ўқувчи ёшларда дастлабкиҳарбий билим ва кўникмаларни ҳосил қилиш, уларнинг бу борадаги иқтидорини юзага чиқаришдан иборат, – дейди лицей директори Ҳикматилло Норқораев. – Шунинг учун лицейга ўқувчиларни қабул қилишда аввало уларнинг саломатлиги, руҳий-жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти эътиборга олинади. Бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган ёшларгина ўқишга қабул қилинади. Бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан фарқли ўлароқ, бу ерда ўқувчиларга умумтаълим фанлари билан бирга, ҳарбий соҳага оид билимлар ўргатилади, жисмоний чиниқтирилади. Ушбу машғулотларни қирққа яқин педагог- мураббийлар, шунингдек, вилоятдаги илмий ҳамкорлик ўрнатилган олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти офицерлари олиб боришади. Дарсларни замонавий ахборот технологиялари асосида юксак савияда ўтиш учун синфхона ва лабораториялар зарур ўқув-техник воситалар билан таъминланган. Ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари махсус жиҳозланган спорт зали ва майдонларда олиб борилади. Айтиш мумкинки, 3 йиллик ўқув ва амалий машғулотлар ўқувчиларни ҳар томонлама тоблайди, уларнинг келажагини белгилаб олишига ёрдам беради. Энг муҳими, ўқувчилар ҳарбийликка хос қатъий интизомни ўрганади, мустаҳкам ирода, кенг дунёқараш ва тафаккурга эга бўлади.

Муассасада ўқувчилар учун барча шароит яратилган. Тўртта фан кафедраларида катта тажриба ва малакага эга устоз-мураббийлар фаолият кўрсатмоқда. Лингофон ва компьютер синфларида сўнгги русумдаги техник воситалардан фойдаланилмоқда. 10 мингдан ортиқ ўқув-услубий, бадиий ва сиёсий адабиётлар, 40 дан ортиқ электрон дарсликларга эга ахборот-ресурс марказида ўқувчилар ўзларига зарур бўлган китоблардан фойдаланишлари мумкин.

450 ўринли ўқувчилар турар жойида ҳам машғулотлардан сўнг мароқли ҳордиқ чиқариш, дарс тайёрлаш учун барча шароит мавжуд. Бу ерда белгиланган тартиб асосида ҳар куни ўқувчилар ўртасида маънавий-тарбиявий ишлар олиб борилади. Дарсдан ташқари вақтларда, шунингдек, байрам ва дам олиш кунларида ўқувчиларнинг вилоятдаги ҳарбий билим юртлари, диққатга сазовор масканлар ва музейларга саёҳати уюштирилади.

Ўқувчилар ўртасида спорт-соғломлаштириш ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида 9 спорт тўгарагида мунтазам мусобақалар ўтказиб турилади. Лицей ўқувчилари вилоят, мамлакат миқёсидаги турнирларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

2015 йилда Тошкент шаҳрида спортнинг акробатика тури бўйича ўтказилган мамлакат биринчилигида лицей ўқувчиси Умид Жўраев биринчи ўринни эгаллади. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон анъанавий каратэ-до федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қувончбек Дагаров ва Муҳаммадали Набиев биринчи, Фазлиддин Қўшоқов иккинчи ўринга сазовор бўлди. Лицей ўқувчилари орасида фан олимпиадалари, интеллектуал танловлар ғолиблари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай муваффақиятлар туфайли ҳар йили лицей битирувчиларининг аксарияти олий ҳарбий билим юртларига маълум бир имтиёзлар асосида қабул қилинмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА