ЎзА Ўзбек

12.01.2017 12:36 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига қарашли тиббий-ижтимоий марказда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси тизимида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Президентимизнинг 2016 йил 20 декабрдаги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳарбийлар оилаларининг тиббий-ижтимоий муҳофазасини янада кучайтиришдан иборатдир.

“Соғлом авлод учун” фонди томонидан бундай соғломлаштириш тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. 2016 йилда тиббий-ижтимоий марказ ва ҳудудлардаги кўчма тиббий-ижтимоий гуруҳлар шифокорлари томонидан ҳарбий қисмларда ана шундай акциялар ташкил этилиб, уларга 18 мингдан зиёд ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари қамраб олинди.

Тиббий кўриклар давомида ҳарбийлар оилалари ўртасида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзи, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва бошқа долзарб мавзуларда тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.

Навбатдаги соғломлаштириш тадбирида УТТ шифокори, терапевт, эндокринолог, ЭКГ мутахассиси, педиатр, акушер-гинеколог, офтальмолог каби малакали шифокорлар қатнашган тиббий кўрикнинг юксак савияда ташкил этилишида муҳим омил бўлмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА