ЎзА Ўзбек

14.01.2015 17:47 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийлар – ўқувчилар меҳмони

Ҳарбийлар – ўқувчилар меҳмони

Самарқанд шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида “Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.

Мардлик ва жасорат дарсида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, маҳалла фаоллари, Марказий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби офицер ва курсантлари иштирок этди.

Учрашувда уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар тинч-осойишта ҳаётнинг қадр-қиммати, Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи экани ҳақида сўз юритди. Ёшларга мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

– Болалигим бугунги ўқувчиларники каби байраму шодликлар билан ўтмаган, – дейди меҳнат фахрийси Олтибой Бултаев. – Мактабда билим олиш учун вақт ҳам, шароит ҳам йўқ эди. Уруш туфайли бола бўлсак-да, далага чиқиб меҳнат қилганмиз. Бугун эса Президентимиз раҳнамолигида фарзандларимизнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бунинг қадрига етиш, ёшликнинг ҳар бир кунидан самарали фойдаланиш зарур.

– Байрам дастурига таклиф қилишгани учун мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларидан миннатдормиз, – дейди Марказий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби взвод командири, катта лейтенант Зуҳриддин Тоиров. – Ўқувчиларнинг Ватан, тинчлик ва ёшликни тараннум этувчи шеър ва қўшиқлари, саҳна кўринишлари касбимизга бўлган масъулиятимизни янада оширди. Уларнинг ҳарбий хизмат хусусидаги саволларига жавоб берар эканмиз, ўқувчилар орасида ҳарбийликка қизиқувчилар кўплигидан хурсанд бўлдик.

Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА