ЎзА Ўзбек

09.08.2016 14:41 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Самарқанд вилоятида чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига янги уй-жойлар берилди

Самарқанд вилоятида чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига янги уй-жойлар берилди Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлари хизматчилари учун янги уй-жойлар ҳамда чегара пости фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бу жараёнда айниқса ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар учун кенг имтиёзлар жорий қилинмоқда.

– Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ҳарбий қисмимизнинг йигирма нафар хизматчиси қатори менга ҳам уч хонали шинам уй берилди, – дейди Шерали Мирзаев. – Уйдаги замонавий шароит ва имкониятлар турмуш ўртоғим ва болаларимга жуда манзур бўлди. Ҳудудда янги маҳалла маркази, мактабгача таълим муассасаси, спорт майдонлари ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилиши маҳалла аҳли ҳамда биз, ҳарбийларни беҳад қувонтирди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахслизлигини таъминлашни олий мақсад билиб, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишга ваъда берамиз.

Бунёдкорлик ишлари давомида 1,7 гектар майдонда маиший хизмат кўрсатиш комплекси қурилди. Мажмуадан дорихона, чойхона, “Гўзаллик салони”, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, сунъий қопламали стадион ўрин олган. Замонавий лойиҳа асосида қурилган “Ўрай-Элипок” маҳалла маркази ва 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам ҳудудга ўзгача қиёфа бахш этди.

Ургут туманидаги ҳарбий қисм янги чегара пости мажмуасида ҳам хизматчилар учун барча шароит яратилган. Бу ерда аскарлар турар жойи, ошхона, тиббиёт хонаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва бошқа зарур хизмат хоналари қад ростлади.

– Ҳарбийнинг доимо хизматга шайлиги ва зиммасидаги бурчни тўла-тўкис адо этиши унинг маънан ва жисмонан баркамоллигига боғлиқ, – дейди катта лейтенант Ўткирбек Хўжамуродов. – Чегара постимизда бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олинган. Замонавий мини-футбол стадиони, маънавият хонаси хизматчилар ихтиёрида. Энг муҳими, қисмда хизмат қилаётган ҳарбийларга шу ернинг ўзида барча қулайликларга эга саккиз турар жой биноси қуриб берилди. Бу хизматчиларни оилаларидан кўнгли тўқ ҳолда ўз бурчини бажаришга ундайди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА