Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2015 16:56 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийлар оилаларига янги уйлар

Ҳарбийлар оилаларига янги уйлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оиласига мўлжалланган 10 хонадондан иборат якка тартибдаги замонавий уй-жой фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини мустаҳкам ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, бундай турар жойларда юксак талаблар ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ва инфратузилма яратишга эътибор кучайтирилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 14 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча вилоятларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун кўплаб замонавий уй-жойлар, ётоқхоналар, таълим муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Бўстонлиқ тумани Қорабулоқ қишлоғида барпо этилган “Ҳарбийлар шаҳарчаси” бунга мисол. “Сам – сайқал” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан тез ва сифатли барпо этилган янги уйларда чегарачилар ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган. Болалар учун замонавий ўйин майдончаси қурилган.

– Шаҳар шароитидан қолишмайдиган замонавий уйга кўчиб ўтганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизмат қилаётган кичик сержант Хуршид Бегимқуловнинг турмуш ўртоғи Шаҳноза Маҳмудқулова. – Бундай турар жойлар аёлларнинг асосий уй-рўзғор юмушларини ҳовлига чиқмасдан бажариши ва меҳмон кутишида жуда қулайлик туғдирмоқда. Қолаверса, бу турмуш ўртоғим хизматни уйи ва оиласидан кўнгли тўқ ҳолда, юксак даражада адо этишига замин яратади.

Тинчлигимиз посбонларининг яшаш шароитларини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш йўлида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар самарасида кўплаб ҳарбийлар замонавий турар жойларга эга бўлмоқда.

Шундай имкониятдан баҳраманд бўлганлар орасида сержант Шерзод Отамуродов ҳам бор. Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган Шерзод 2002 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафида хизмат қилмоқда...

“Қорабулоқ”да берилган янги уй Отамуродовлар хонадонига ҳам бир олам қувонч бағишлади.

– Чегарачи бўлганим учун мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан туташ қисмида маълум муддат хизмат қилганман, – дейди сержант Ш.Отамуродов. – Яшаш манзилимиз ҳам асосан иш жойимиз – чегарага яқин бўлган. Хизматга киришдан аввал бундай ҳудудларга, содда қилиб айтганда, цивилизация етиб бормаган, деб ўйлардик. Аксинча экан. Бугун янги уйнинг кўркамлигини, хоналари кенг ва шинамлигини, аёлим, фарзандларим учун барча шароит яратилганини кўриб, яқинларимнинг ҳам ҳаваси келмоқда.

Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт намойиш этилди.

Бекзод Ҳидоятов,Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА