ЎзА Ўзбек

26.12.2016 13:02 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлар танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлар танловининг якуний босқичи ўтказилди.

Халқимизни, айниқса, ёш авлод ва Қуролли Кучлар шахсий таркибини она юртга меҳр-муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда Ватанни кўз қорачиғидек асраш, жасурлик ва фидойилик фазилатларини янада кучайтиришда ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлар муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Бастакорлар, Ёзувчилар уюшмалари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танлов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланди.

Танлов истиқлолимизни, мустақиллик йилларида эришган улкан ютуқларимизни, тинч ва фаровон ҳаётимизни тараннум этувчи саф қўшиқлари, лирика ва эстрада қўшиқлари йўналишлари бўйича ўтказилди. Унда иштирок этган ҳарбий хизматчилар ўз қўшиқларида халқимизга, юртимизга бўлган муҳаббатини ва содиқлигини ифодалаб, барчани ушбу муқаддас туйғуга даъват этди.

Кўрик-танловда ҳайъат аъзолари қўшиқнинг мавзуси, матннинг долзарблиги, куйнинг халқчиллиги, оммавийлиги, ашуланинг юқори маҳорат билан ижро этилганлиги, саҳна қоидаларига тўла риоя қилинганини ҳисобга олиб баҳолади. Танлов ғолиблари 2017 йилнинг январь ойида ўтказиладиган “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” номли қўшиқлар фестивалида тақдирланади.

Нурилло Насриев, ЎзА