ЎзА Ўзбек

09.07.2014 21:05 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий кадрлар тайёрлаш – хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили

Мамлакатимиздаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида 10 июль куни ўз келажагини Ватанимизни ҳимоя қилиш билан боғлашга аҳд қилган йигит-қизлар учун тест синовлари ўтказилади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 19 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ушбу тизим олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун зарур шарт-шароит яратиш, иқтидорли, ҳар томонлама тайёрланган ёшлар орасидан муносиб номзодларни танлаб олиш, ҳарбий таълим нуфузини ошириш мақсадида жорий этилди.

Айни пайтда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети биринчи курсга курсантларни қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси вакили Шуҳрат Қосимовнинг сўзларига кўра, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишни истаган ёшлар жорий йилнинг 1 апрелигача ўзининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича туман ва шаҳар бўлимларига ариза тақдим этган. Улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда тиббий кўрик, жисмоний ва руҳий ҳолат текширувидан муваффақиятли ўтгач, ҳужжатлар олий ҳарбий-таълим муассасаларига кўриб чиқиш учун юборилган. Барча олий ҳарбий таълим муассасаларида малакали мутахассислардан иборат комиссиялар томонидан абитуриентлар қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати текширилди. Мазкур синовлардан муваффақиятли ўтган йигитларга тест синовларини топширишга рухсат этилди.

Олий ҳарбий-таълим муассасаларига ўқишга киришда ёшлар ва айрим тоифадаги фуқаролар учун кенг имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ўз хизмат бурчини бажариш пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларининг фарзандлари тест синовларидан озод этилади. Сержантлар таркибида шартнома асосида хизматни намунали ўтаган ҳарбий хизматчиларга тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида имтиёз берилади. “Энг яхши сержант” танлови ғолиблари ҳам ўқишга танловсиз кириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳарбий-академик лицейлар битирувчиларига ҳам тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 10 фоизи миқдорида имтиёз берилган. Бундан ташқари, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан тавсиянома берилган абитуриентлар тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча имтиёзга эгадир.

Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга мувофиқ тест синовларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди. Бу борада марказ мутахассислари олий ҳарбий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Яқинда олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари сафига ўз ҳаётини Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга бағишлайдиган янги ёшлар қўшилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси мутахассислари офицер кадрларни шакллантириш учун ёшлар орасидан навбатдаги номзодларни танлаб олгач, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада ислоҳ этиш ишларини давом эттиради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ улар олдига айнан шундай вазифалар қўйилган.

Мазкур ҳужжатга биноан олий ҳарбий таълим муассасаларига интеллектуал ривожланган ва ҳар томонлама тайёрланган ёшларни танлаш тартиби янада такомиллаштирилди. Мисол учун, олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчилари ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовларини назарда тутувчи танлов асосида комплекс равишда босқичма-босқич саралаб олинади.

Абитуриентлар тест синовларини ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини танлаган ҳолда топшириши мумкин. Бундан ташқари, номзодлар умумтаълим муассасаларида инглиз, немис ёки француз тилларини ўқиган бўлса, чет тили бўйича тест синовларини ҳам топширади. Агарда номзодлар умумтаълим муассасаларида бошқа чет тилини ўрганган бўлса, тест синовлари ўрнига олий ҳарбий таълим муассасаларида ягона кўп балли имтиҳон тизими бўйича чет тилидан имтиҳон топширади.

Айни пайтда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда амалда қўлланилаётган имтиёзлар тизими ўзгармаган.



ЎзА, Сардор Тожиев