ЎзА Ўзбек

12.05.2014 16:47 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийлар учун замонавий уйлар

Шарқий ҳарбий округда хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга янги уйларнинг калити топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари М.Солиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий лойиҳалар асосида ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ва инфратузилма яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда Ватан ҳимоячиларини уй-жой билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастури доирасида замонавий уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом этмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида ҳарбийлар учун ҳар бири 32 хонадондан иборат иккита ва 48 хонадонли битта кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Янги уй билан таъминланганлар орасида кичик сержант Рустам Мансуров ҳам бор.

– Оиламиз учун янги уй ажратилганидан беҳад хурсандмиз, – дейди Рустам. – Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик биз, ҳарбийларни янада руҳлантириб юборди. Уйидан, оиласидан хотиржам киши самарали меҳнат қилади. Биз, ҳарбийлар учун эса бу икки ҳисса муҳимдир. Бундай эътибор бизни Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди.

Янги уйда ҳарбийларнинг оила аъзолари учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

– Ҳарбийлик касбини танлаганимдан фахрланаман, – дейди майор Жаҳонгир Усмонов. – Биз, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.


ЎзА, М.Сулаймонов, Ҳотам Мамадалиев (сурат)