Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2014 14:14 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбийлар саломатлиги доимо эътиборда

Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳарбийларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлда қабул қилинган қарори асосида Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетининг ташкил этилиши Қуролли Кучларимизни профессионал даражада тайёрланган етук ҳарбий шифокорлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Интеллектуал салоҳиятга эга, она юртига садоқатли, қўшинларда тиббий хизматни самарали ташкил этишга қодир, тиббий хизматнинг юқори малакали офицерларини, резерв ва захирадаги офицерлар таркибини тайёрлаш, Қуролли Кучлар тиббий ходимларининг ҳарбий ва касб тайёргарлиги даражасини мунтазам ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, махсус билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш, ҳарбий тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳарбий-тиббиёт факультетининг асосий вазифалари этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий тиббиёт муассасалари, Тошкент тиббиёт академиясининг клиника ва кафедралари мазкур факультетнинг ўқув базалари ҳисобланади.

– Мамлакатимизда ҳарбий шифокорларни тайёрлаш учун авваллари алоҳида олий таълим муассасаси мавжуд эмасди, – дейди Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Жаҳонгир Собиров. – Бу эса Қуролли Кучларимизни малакали ҳарбий шифокорлар билан таъминлашда муайян қийинчилик туғдирарди. Ҳарбий-тиббиёт факультетининг очилиши зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ана шу масъулиятни теран ҳис қилиб, Қуролли Кучларимизни малакали, ҳар томонлама етук ҳарбий шифокорлар билан таъминлашга бор куч ва имкониятларимизни ишга солган ҳолда ҳаракат қиляпмиз.

Айни пайтда ҳарбий-тиббиёт факультетидаги мавжуд кафедралар, барча шароит муҳайё этилган ўқув хоналари ва ётоқхоналар, замонавий техник воситалар, тренажёрлар, спорт зали, иккита кутубхона, замонавий жиҳозлар ҳамда компьютерлар курсантлар ихтиёрида. Курсантларга катта илмий ва ҳаётий тажрибага эга тиббий хизмат офицерлари сабоқ беради. Курсантлар назарий машғулотлардан ташқари, ҳарбий дала-ўқув машғулотларида ҳам маҳоратини мунтазам ошириб боради.

– Ҳарбий-тиббиёт факультетига мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг бешинчи курсини даволаш иши йўналиши бўйича тамомлаган, ҳар томонлама соғлом талабалар махсус танлов асосида қабул қилинади, – дейди қўшинлар тиббий таъминотини ташкил этиш кафедраси бошлиғи ўринбосари, тиббий хизмат подполковниги Бобокалон Ҳалимов. – Ҳозир факультетимизда эллик етти нафар курсант таҳсил олмоқда.Асосий мақсадимиз бугунги кун талабига жавоб берадиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга тиббий хизмат офицерларини тайёрлашдан иборат. Шуни фахр билан айтиш мумкинки, ушбу масъулиятли вазифани бажариш учун куч ва имкониятларимиз етарли, шарт-шароит талаблар даражасида. Ўқув юртида ташкил этилган турли тўгараклар ҳам курсантларнинг мустақил тайёргарлик кўришига хизмат қилаётир.

Курсант Рустам Ҳакимов Андижон тиббиёт институтида ўқиган. Илмий тадқиқотлари билан талабалар илмий жамиятида иштирок этган. Самбо бўйича нуфузли мусобақалар совриндори.

– Бизга ўз ишининг моҳир усталари бўлган ўқитувчи ва офицерлар таълим-тарбия бераётганидан жуда хурсандмиз, – дейди курсант Р.Ҳакимов. – Уларнинг сабоқлари тиббий хизмат офицери сифатида хизматни бошлашимизда қўл келади. Шу боис устозларимизнинг ҳар бир ўгитига қатъий амал қилишга интилаётирмиз.


ЎзА, Зиёдулла Жонибеков, Муҳаммад Амин (сурат)