ЎзА Ўзбек

11.02.2014 17:28 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий хизматчилар қайтмоқда

Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар тантанали равишда кутиб олинмоқда.

Нукус темирйўл вокзалида Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этиб қайтган етмишдан зиёд қорақалпоғистонлик ёшларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этган тадбирда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий талабларга жавоб берадиган, юксак жанговар ва руҳий тайёргарликка эга миллий армиямизни шакллантириш жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мен хизмат қилган ҳарбий қисмда ҳам шароитлар аъло даражада, – дейди элликқалъалик Одамбой Абдуллаев. – Бир йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий округ қўмондонлигининг тавсияномасини олишга муваффақ бўлдим. Тошкент автомобиль йўллар институтида ўқиб, йўл қурилиши бўйича етук мутахассис бўлишни мақсад қилганман.


ЎзА, А.Ортиқбоев