ЎзА Ўзбек

07.02.2014 18:45 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий хизмат – фахр ва шараф

Шу кунларда Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилаётган бундай маросимлар юксак савияда байрамона ташкил этилаётганини таъкидлаш лозим. Ушбу тадбирларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари ва дўстлари иштирок этмоқда. Армияга кузатиш маросими мамлакатимиз ёшлари ҳаётида унутилмас воқеага айланиб бормоқда.

Бугунги кунда миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш учун йигитлардан нафақат мустаҳкам соғлиқ, балки юқори интеллектуал салоҳият ва кенг дунёқараш, юксак маънавий-руҳий тайёргарлик талаб этилади. Бу эса миллий армиямиз сафлари Ватанимиз ҳимоясига доим шай бўлган жасур ва мард ёш кадрлар билан тўлдириб борилаётганидан далолат беради.

Буларнинг барчаси Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Жумладан, ҳарбий хизмат муддати бир йилга қисқартирилиб, чақирув йилига бир марта ўтказилаётгани миллий армиямиз нуфузининг янада ошишида муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг орзусига айланди.

Таъкидлаш лозимки, тиббий текширув, билим ва интеллектуал салоҳият ҳамда жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлардан муваффақиятли ўтган йигитларгина миллий армиямиз сафларида хизмат қилиши мумкин. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида ҳам чақирилувчилар учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, бу ерда маълумотхона, тиббий текширув ва тест ўтказиш биноси, шунингдек, қўшимча хоналар, кенг ва шинам ошхона ишлаб турибди. Яратилган ана шундай қулай шароитлар туфайли бир кунда юз нафаргача чақирилувчини юқори даражада саралаш имконияти мавжуд.

– Биз, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳарбий хизматга қизиқишимизнинг ошишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Сергели туманидан чақирилувчи Асрор Ҳотамов. – Бобом, отам ва қариндошларим армияда хизмат қилган даврлардаги қийинчилик ва машаққатлар ҳақида кўп гапириб беришган. Бугун мен мустақил Ватаним олдидаги фуқаролик бурчимни адо этиш имкониятидан қалбимда улкан ифтихор туйган ҳолда ҳарбий хизматга йўл олмоқдаман.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ афзалликлари хусусида узоқ гапириш мумкин. Масалан, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг баҳорда Қуролли Кучлар резервига бўшатилиши уларга олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўриш имконини беради. Бундан ташқари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси билан олий ўқув юртларига киришда тўпланадиган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёз берувчи йўлланмага даъвогарлик қилишлари мумкин.

Ҳарбий қисмларда яратилаётган қулай шароитлар ёш аскарларнинг муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли ўташидаги муҳим жиҳатлардан биридир. Ҳарбий қисмларда таълим олиш, яшаш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни ошириш учун замонавий шароитлар яратилган. Зарур ўқув қўлланмалари ва компьютер билан таъминланган. Спорт заллари аскарлар ўртасида турли мусобақалар ўтказиш имконини берадиган замонавий анжомлар билан жиҳозланган. Буларнинг барчаси ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий армиямиз нуфузининг ошишига хизмат қилмоқда.

– Армияда фарзандларимиз учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз, – дейди Олмазор туманидан чақирилувчи Анваржон Ҳайдаровнинг онаси Зулхумор Ҳайдарова. – Бугунги кунда миллий армиямиз ёшларимиз учун том маънода ҳаёт мактабига айланди. Ўғлим ҳам Ватанимиз ҳимоясига ўзининг ҳиссасини қўшишидан фахрланаман. Фарзандим армияга узоқ муддат тайёргарлик кўрди. Ёшлигидан спорт тўгаракларига мунтазам қатнади, умумтаълим фанларидан билимини мустаҳкамлади. Ўғлим ҳарбий хизмат давомида унга билдирилган юксак ишончни оқлашига аминман.


ЎзА, Сардор Тожиев