ЎзА Ўзбек

12.02.2014 20:56 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ҳарбий хизмат – эзгу орзу

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида ҳарбий хизматга чақирилувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполковник А.Рустамов ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизмат ёшларимиз учун шон-шараф ишига айлангани, амалдаги синовлардан муваффақиятли ўтган, ҳар жиҳатдан етук йигитларгина саралаб хизматга жўнатилаётганини таъкидлашди. Синовлар жараёнида йигитларнинг аксарияти ажойиб натижа кўрсатди. Улар орасида маҳоратли спортчилар ҳам бор. Бугун ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг армияда хизмат қилишдек эзгу орзулари ушалмоқда.

– Ҳарбий хизмат нафақат конституциявий бурч, балки фахр ва шарафдир, – дейди чақирилувчи Д.Асадуллаев. – Ҳарбий хизмат мен учун ҳамиша Ватанга муҳаббат ва ватанпарварликнинг юксак намунаси бўлган. Саралаш танловларидан муваффақиятли ўтганимдан хурсандман. Чунки армиямиз сафларида хизмат қилиш болалик орзуим эди. Бу мақсадга эришишимда спорт билан астойдил шуғулланганим ҳамда мактаб ва касб-ҳунар коллежида яхши ўқиганим ёрдам берди. Келажакда Қуролли Кучлар сафида қолиб, ҳарбий хизматни давом эттиришни ният қилганман.


ЎзА, Роман Бондарчук