ЎзА Ўзбек

07.01.2016 12:25 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Алп йигитлар – Ватан таянчи

Алп йигитлар – Ватан таянчи Сахийбек ака ва Саодатхон опа уч қиз, бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказди. Ўғли Бобурмирзонинг ўз хоҳишига кўра касб танлашига имкон беришди.

Бобурмирзо мактабни аъло баҳоларга тугатиб, 2010 йили Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирди. Таҳсил давомида ҳарбий билимлар билан бирга, чет тилларини ҳам пухта ўзлаштирди. 2014 йили ўқишни тамомлаб, Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмда хизмат фаолиятини бошлади. Ҳозир сафарбарлик чақируви резерви баталъонида взвод командирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари.

– Ҳарбийлик шарафли касб, – дейди Бобурмирзо. – Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 53-ихтисослашган мактабнинг 4-синфида ўқирдим. Мактабимизда Қуролли Кучлар офицерлари билан учрашув бўлди. Бир гуруҳ ҳарбийлар келиб, ўқувчилар билан суҳбат ўтказди. Ўшанда ҳарбийларнинг ўзини тутиши, юриш-туриши, дунёқараши, ҳарбий либоси мени ўзига ром этди. Шу-шу ҳарбийлик касбига меҳрим ошди.

Профессионал ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларнинг тажрибасини оширишда Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда. 2015 йили округ миқёсида бўлиб ўтган кўрик-танловда Бобурмирзо Солиев ғолиблар қаторидан жой олди.

– “Энг илғор мутахассис” танловида совриндор бўлганимдан ғурурланаман, – дейди у. – Давлатимиз раҳбари томонидан яратилаётган шарт-шароитлар туфайли замон талабларига жавоб берадиган олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиб, соҳам бўйича пухта билим олдим. Бундай нуфузли танловда ғолиб бўлганим касбимга меҳримни, Ватанга муҳаббатимни янада оширди.

Шаҳноза Маматуропова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА