ЎзА Ўзбек

13.01.2016 11:02 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Қалбларда Ватан мадҳи

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида курсант, ҳаваскор шоир Бекзод Ҳотамовнинг “Парвоз завқи” шеърий китоби тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда курсантлар, ёзувчи ва шоирлар, ижодий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Жанговар ва сиёсий тайёргарлик аълочиси Бекзод шоир сифатида ҳам шеърият ихлосмандларининг эътиборига тушган. “Парвоз завқи” ёш шоирнинг иккинчи китоби. Аввал “Парвозга рухсат этинг”, деб номланган шеърий тўплами нашр этилган.

Ватан, ватанпарварлик, мардлик ва жасорат, ёшлик ва муҳаббат мавзуларидаги шеърларни тушуниш ўқувчига айтарли қийинчилик туғдирмайди. Боиси, шоирнинг тили, услуби, тасвирий ифодаси жуда содда. Бу унинг ютуғи.

Бухорода туғилиб вояга етган ёш шоирнинг шеърларини ўқир экансиз, беихтиёр халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси кўз олдингизда гавдалангандай бўлади, шундай халқнинг вакили эканингиздан қалбингизда фахр-ифтихор туйғулари юксалади.

Тадбирда Б.Ҳотамов шеърларидаги ана шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди. Давлатимиз томонидан бўлажак ҳарбий мутахассисларнинг ўқиб-ўрганиши, ўз устида изланиши учун яратилган қулай шароитлар ижодкор ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, мазкур билим юртида ёш мутахассисларга ўзлари танлаган йўналиш бўйича пухта билим бериш баробарида, уларнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маънавият хонаси ва ахборот-ресурс марказида курсантлар учун барча қулайлик яратилган. “Қувноқлар ва зукколар” клуби, "Авиамоделчилар" тўгараги фаолияти йўлга қўйилган. Бўлажак ҳарбий мутахассисларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий билимини янада ошириш мақсадида сенаторлар, депутатлар, турли соҳаларнинг илғор вакиллари билан учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланган.

Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган Бекзод Ҳотамов келгусида ўзи танлаган йўналишнинг етук мутахассиси бўлиш билан бирга, бадиий ижодни ҳам давом эттиришни мақсад қилган.

Тошқул Бекназаров, ЎзА