ЎзА Ўзбек

22.05.2014 19:58 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

АКТ ва ҳарбий таълим

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида мамлакатимиздаги олий ҳарбий ўқув юртлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, олий ҳарбий ўқув юртлари ўқитувчи ва курсантлари иштирок этди.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айниқса, бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу қарор барча соҳаларда бўлгани каби олий ҳарбий ўқув юртларида ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлашга бўлган талабни кучайтирмоқда. Бугунги кунда шошилинч хизмат ходимлари ўз мажбуриятларини бажариши учун мавжуд ахборот оқимидан моҳирлик билан фойдаланиш, қисқа фурсатда зарур маълумотларни топиш ва олишни билиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғи, генерал-майор А.Қўлдошев ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари фаол жорий этилаётгани, бу ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор юқори малакали мутахассислар тайёрлаш имконини бераётганини қайд этди.

Чунончи, турли виртуал мультимедиали лаборатория дастурларидан кенг фойдаланилмоқда, барча аудитория ва ўқув хоналари интерфаол доскалар билан жиҳозланган. Яқин вақт ичида янги симуляция марказининг ишга туширилиши билан бу борадаги ишлар самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

– Замонавий мутахассис ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишни билиши лозим, – дейди Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабининг 4-босқич курсанти Ш.Мелибоев. – Ўқув юртида таълим жараёнини ахборотлаштириш ва компьютерлаштириш йил сайин кенгайиб бормоқда. Масалан, биринчи босқичда машғулотлар кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтказилган бўлса, энди асосан интерфаол мультимедиали жиҳозлардан фойдаланилмоқда.

Тадбир доирасида мамлакатимиз ёнғин хавфсизлиги хизмати учун махсус ишлаб чиқилган янги GPS навигация тизими намойиш этилди.


ЎзА, Роман Бондарчук