ЎзА Ўзбек

14.01.2015 15:26 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Мардлик ва жасорат дарслари

Фарғона шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида “Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида тадбирлар бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни ҳеч кимдан кам бўлмаган, мустақил фикрли, юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказиш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида яратилган миллий тизим халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Бу жараёнда ҳарбий-ватанпарварликка оид маърифий-тарбиявий ишларни янада такомиллаштириш, уни давр талаби асосида йўлга қўйиш, ўғил-қизлар қалби ва онгида эртанги кунимиз учун дахлдорлик туйғусини, фаол фуқаролик позициясини қарор топтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим масканларида ўтказилаётган мардлик ва жасорат дарслари ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган.

Мазкур мактаб-интернатда ҳам машғулотлар давра суҳбати тарзида, замонавий педагогик технологиялар, видеодастурлар, мультимедиа воситаларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилди. Машғулотларда она юрт ҳимояси муқаддас эканлиги, аждодларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Дарсларда ҳарбийлар ҳам иштирок этди. Аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган мазкур таълим масканида 550 ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Улар учун бу ерда барча шароит яратилган.

– Мазкур дарслардан асосий мақсад – ёшларни мард ва жасур юрт ҳимоячилари этиб тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз Қуролли Кучларида кечаётган ислоҳотлар моҳияти билан яқиндан таништиришдан иборат, – дейди мактаб-интернат директори Зафар Ҳотамов. – Мактабимизда “Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида иншолар танлови, авлодлар учрашуви, “Эъзоз”, “Эҳтиром” деб номланган маънавий-маърифий тадбирлар, “Аждодлар қаҳрамонлиги – ёшларга ибрат”, “Ўзбек йигити – мустақиллик посбони” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Мардлик ва жасорат сабоқлари ёшлар онгу тафаккурида ватанпарварлик ва эл-юртга содиқлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.

М.Сулаймонов, ЎзА