ЎзА Ўзбек

06.02.2015 13:25 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ўғлим ишончимизни оқлайди

Қорақалпоғистон Республикаси мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг дастлабки гуруҳини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Баҳодир Янгибоев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондони Тоҳир Эргашев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикаси мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида, барча туман ва шаҳарлар мудофаа ишлари бўлимларида чақирилувчиларнинг саломатлиги, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини кўрикдан ўтказиш, энг сара йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жалб этиш учун зарур шароитлар яратилган.

Нукус шаҳридан ҳарбий хизматга чақирилган Т.Машарипов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейда хорижий тиллар йўналиши бўйича таҳсил олган. Спортнинг академик эшкак эшиш тури бўйича бир неча бор Қорақалпоғистон чемпиони. Бу Тоҳирнинг муддатли ҳарбий хизматга ўтказилган тест синовларидан муваффақиятли ўтишига ёрдам берди.

– Ўғлим Тоҳиржон тўнғич фарзандимиз, – дейди Аноргул Аҳмедова. – Болалигидан офицер бўлишни орзу қилади. Бу йўлда у кўп ўқиб, изланди, ўзини жисмоний тайёрлади. Ҳарбий хизматда ўғлимиз янада чиниқиши, ўктам йигит бўлиб, Ватани олдидаги муқаддас бурчини аъло даражада ўташига ишонамиз.

Маросимда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА