ЎзА Ўзбек

25.04.2016 13:21 Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

“Қалқон” мамлакат босқичида

Ургут агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Самарқанд вилояти босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурига кўра ташкил этилган мазкур тадбир ҳам чегараолди ҳудудларида чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчи-ёшларни ҳарбий хизматга, ҳарбий билим юртларига ўқишга кириш учун руҳан ва жисмонан тайёрлаш, уларда ватанпарварлик ва ҳарбий бурчга садоқат туйғуларини юксалтириш, давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш учун масъулиятни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мусобақада танловнинг қуйи босқичида муваффақиятли қатнашган Тайлоқ тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Ёш десантчилар”, Ургут спорт ва хизмат кўрсатиш коллежининг “Лочин”, Булунғур иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоалари ўзаро баҳслашди.

Жамоалар саф тайёргарлиги, сафда қўшиқ айтиш, ҳарбий либослар, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий соҳага оид ва давлат чегаралари тўғрисида, Президентимиз асарлари ва инглиз тили бўйича билимини намойиш этди. Жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилди.

Булунғур иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Қалқон” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА