ЎзА Ўзбек

09.11.2018 09:00 ЎзА кутубхонасидан

Кўҳна Жайҳун сабоқлари

Кўҳна Жайҳун сабоқлари

Жилов билмас Амударё!
Табиат уни шундай яратганки, кўҳна ўтмишда унча-мунча довонлар забтига дош бера олмаган. Аждодларимиз қадимда уни Жайхун, яъни ақлдан озган, девона дарё деб бежиз атамаган. Ушбу топонимнинг юзага келиши мозий миришкорларининг иши бўлса, не ажаб. 

01_1_ (1).jpg









ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ 

СИЙРАТИГА ЧИЗГИЛАР 








Боиси, азалдан Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги деҳқонлар Аму билан ҳисоблашиб келган. Унинг ваҳмга тўла ирмоқлари, пўртанали тўлқинлари ҳали у жойдан ҳали бу жойга «кўчиб» юришини изчил тадқиқ қилган, мавсум ҳисобини, ҳосил чўғини ушбу ўзгаришларга қараб белгилашган. Не тонгки, асрлар мобайнида муаззам Жайҳун боболаримизнинг гидрология – сув илмида билимдон бўлиб шаклланишида катта хизмат кўрсатган. Бугун ҳам она дарё худди шу ишини қилаётир. Дарё бўйларида миришкорлик қилаётган ҳамюртларимизга табиат сирларидан сабоқ бераётир.

Умрим бино бўлибдики, даладаман. Мени фермер сифатида элга танитган,
меҳнатларим эвазига қўша-қўша машина, техника, иморатлар эгаси бўлиш имконини
берган замонамизга шукрлар айтаман...

IMG_5081.jpg

Жайҳундан сабоқ олаётган, эшилиб оқаётган дарёнинг сирларини инкишоф этаётган замондошларимиздан бири гурланлик фермер Гулмат Ҳайтметовдир. Унинг «Ҳайтиммат ота» кўп тармоқли фермер хўжалиги туман марказидан 25 километр узоқда, Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган. Шу боис Гулмат оға умри давомида дарёнинг қаҳридан ҳам, меҳридан ҳам кўп бор татиб кўрган. Айтишича, баъзи йиллари сув ўзанидан тошиб, эндигина уруғ сепган далаларини «ювиб» кетган. Баъзида сув сатҳи тушиб, шоли экишга қулай, минералларга тўйинган майдонларни «тортиқ» этган. Бундай ерларда унган шолининг ранги шаффоф, мазаси тотли бўладики, харидорлар нафақат
юртимизда, балки хорижда ҳам топилади. Шунинг учунмикан, ҳар йили фермернинг гуручига Россия ва Қозоғистондан харидорлар келиб туради.

У киши ҳақида кўп гаплар эшитганмиз. Гурланликлар эътиқодли, ҳалол инсон дейишади. Шунингдек, уста пахтакор ҳам. Гулмат оға пахтачиликда тилга тушган миришкорлардан.

– Дарё бўйида деҳқончилик қилиш жуда қийин. Сув қачон кўпайиб, қачон камайишини ҳеч ким олдиндан айтолмайди, – дейди оға суҳбат чоғида. – Баъзи йиллари хўжалигимизнинг барча ерини сув ювиб кетади. Пахтани бир йилда уч қайта эккан пайтларимиз ҳам бўлган. Бундай пайтда ҳосилдорлик 25 центнердан ошмайди. Ҳатто мевали дарахтлар илдизи ерости суви кўтарилганидан чириб, қуриб қолади. Шундай пайтларда меҳнатдан қочмайдиган, бардошли одамгина натижага эришади. Отам бизни ёшлигимиздан ерга, табиатга ҳурмат билан қарашга ўргатган. Ерларимиздан дарё чекинган
бўлса-да, ўрнида пайдо бўлган кичик кўлларда балиқ етиштирса бўлади. Озуқага бой бундай сувларда балиқ яхши ривожланади. Шу каби кутилмаган вазиятларда минг бир тадбирни қўллаб хўжалик иқтисодини сақлашга ҳаракат қиламиз.

Ҳа, Хоразм кўп минг йиллик қишлоқ хўжалик маданиятига эга! Бу ўлкада ўз ишининг чинакам усталари кўп.

Дарё бўйида деҳқончилик қилиш жуда қийин. Сув қачон кўпайиб, қачон камайишини
ҳеч ким олдиндан айтолмайди. Баъзи йиллари хўжалигимизнинг барча ерини сув
ювиб кетади. Пахтани бир йилда уч қайта эккан пайтларимиз ҳам бўлган. Ҳатто
мевали дарахтлар илдизи ерости суви кўтарилганидан чириб, қуриб қолади. Шундай
пайтларда меҳнатдан қочмайдиган, бардошли одамгина натижага эришади.


IMG_5060.jpg

Кексаларнинг айтишича, Гулмат оғанинг отаси Ҳайтиммат ота ана шундай уста миришкорлардан бўлган. 1932 йили дарё бўйида уч гектар боғ қилиб, икки нафар ишчи ишлатгани учун «қулоқ» қилишган. «Қулдорлик билан шуғулланди» деган айб билан саккиз йил совуқ ва узоқ ўлкаларга сургун бўлган. Ҳайтиммат ота саргардонликдан қайтганида боғи каби оиласи ҳам сўлиб бўлган эди. Кутавериб кўзлари кўрмай қолган аёли оғир хасталик сабаб ҳаётдан кўз юмади. Оғир синовларга бардоши етган Ҳайтиммат ота ўн йилда боғини кўкартирди. Қирқ ёшга тўлганида Гулпошша исмли аёлга уйланди. Оилада етти фарзанд дунёга келди. Тўнғичининг исмини Гулмат деб қўйишди. Гулматнинг меҳнатда суяги қотди. Мактабнинг 8-синфини тугатиши билан дарё ёқасидаги 72 гектар ерга «табелчи» этиб тайинланди. 1971 йили 183 гектар ҳудудга эга хўжаликда бригадир бўлди. Сўнг Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг кечки бўлимига ўқишга кирди. Қарангки, ўша даврда юртимизга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов 1983 йили Г. Ҳайтметов бригадасида бўлиб, унинг ишчанлигига юқори баҳо берди.

– Шундай бўлса-да, ҳақиқатни айтишим лозим, мустақилликдан илгари бутун далага, ҳатто остонамизгача пахта экишга мажбур эдик. Қўшимча экин етиштириш у ёқда турсин, уруғи омбордан чиқиб қолса борми, нақд балога қолардингиз, – дея ўша даврдаги оғир кунларни эслайди Гулмат оға. – Планни тўлдиролмаган йилларимиз «халқ душмани» деган тамға босмаслиги учун ўтган йил ўриб олинган ғўзапоя ғарамидан пахта қолдиқларини ҳам териб олганмиз. Ҳатто кўрпача ва ёстиқлар ичидаги пахтани ҳам топширганмиз.

Бугун давр бошқача.

Г. Ҳайтметов ташкил этган «Ҳайтиммат ота» кўп тармоқли фермер хўжалиги пахтадан 45, ғалладан 75–80 центнердан ҳосил етиштириш баробарида бошқа тармоқлардан ҳам мўмай даромад олмоқда. Хўжаликда 60 бош қорамол, майдони бир гектарга тенг олтита ҳовузда балиқ боқилаётир. Юзлаб ушоқмол ва парранда парваришланмоқда. Хўжалик пахта ва ғалла шартномасини муттасил ортиғи билан бажариб, қимматбаҳо саноат хомашёси – пилладан олинадиган фойдани ҳам йил сайин ошириб бораётир. Иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг қишин-ёзин аҳоли дастурхонига етказилмоқда. Фермер ўтган йили маҳалла аҳолиси учун гузар ва тўйхона, озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони, қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи цех, автомашина ва бошқа техникаларни ювиш шохобчаси, шоли ва ун тегирмони қуриб ишга туширди.

Ҳозир фермер ўрмончиликни йўлга қўйишни режалаштирган. Экин майдонлари атрофи, ариқ ва зовурлар бўйига экилган тераклар ўтган йили сотилди. Икки йилда

Меҳнатнинг самараси инсонга завқ бағишлайди. Мамлакатимизда кўп 
тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, аввало, қишлоққа 
саноатни олиб киради. Ишчилар даромадини ошириш ва янги иш 
ўринларини ташкил этишга замин яратади.

IMG_5073.jpg

120 миллион сўм соф даромад келтирган ўрмончилик йўналиши жадал ривожланиши учун бу ерда барча имкониятдан фойдаланилмоқда.

– Умрим бино бўлибдики, даладаман. Мени фермер сифатида элга танитган, меҳнатларим эвазига қўша-қўша машина, техника, иморатлар эгаси бўлиш имконини берган замонамизга шукрлар айтаман, – дея Гулмат оға ички туйғуларини ошкор этади. – Меҳнатнинг самараси инсонга завқ бағишлайди. Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, аввало, қишлоққа саноатни олиб киради. Ишчилар даромадини ошириш ва янги иш ўринларини ташкил этишга замин яратади.

Дарвоқе, бугун Гулмат фермер раҳбарлик қилаётган хўжаликда 20 дан ортиқ киши меҳнат қилаётир. Улар шу ердан олган даромади ҳисобига қозон қайнатяпти.

Демак,«Ҳайтиммат ота» кўп тармоқли фермер хўжалиги йигирма нафар оиланинг рўзғори тўкинлигига ҳисса қўшиб келмоқда.

Хулосаки, Гулмат оғанинг кўҳна Жайҳундан олган сабоқлари ўз самарасини бераётир...

DSC_3838.jpg

Етти фарзандни тарбиялаб, камолга етказган Гулмат фермер бугунги кунда отаси ва устозларидан ўрганганларини, ҳаёти давомида орттирган тажрибани ўттизга яқин невара-чевараларига мерос қолдириш ниятида. Уларни ҳар доим меҳнатсевар бўлишга, жонажон Ватанимизни ардоқлашга
ундайди.

PS: Китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ё қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилга ёзиб юборинг: 

Телефонлар: (71) 233-07-69, (71) 233-21-58, (90) 660-23-32, (93) 501-23-04 

Факс: (71) 233-24-45 

Email: pochta@uza.uz, info@uza.uz 

Жорий йил 5 ноябрида Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Ҳосилов ҳақидаги мақола билан танишган эдингиз. Кейинги мақоламизда Шарифбой Ражабов ҳақида ўқийсиз. 

Сайтимизни кузатиб боринг, мамлакатимиз Қаҳрамонлари сийрати акс этган бир-биридан қизиқарли лавҳалардан баҳраманд бўласиз!

ЎзА