ЎзА Ўзбек

08.05.2014 18:24 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Спортчи қизларга Президент совғалари топширилди

Бухоро вилояти Вобкент туманида спорт билан мунтазам шуғулланаётган 559 нафар қизга миллий ва замонавий услубда тикилган спорт кийимлари топширилди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёшларни жисмонан ва маънан соғлом инсонлар этиб камолга етказишга қаратилаётган алоҳида эътибор спорт, хусусан, болалар спортини янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан вилоятда 13 болалар спорт мажмуаси, бадиий гимнастика маркази, умумтаълим мактабларининг спорт заллари қурилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Вилоятда 2003-2013 йилларда болаларни спортга жалб этиш кўрсаткичи 10-14 фоиздан 45 фоизга, қизлар ўртасида эса 6-8 фоиздан 32 фоизга ўсди.

– Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди Вобкент қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулинигор Камолова. – Либослар бежиримлиги ва сифати билан менга жуда ёқди. Биз, спортчи ёшларга кўрсатилаётган доимий ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз.

Бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилиб, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 6 минг 343 нафар спортчи қизга спорт кийимлари топширилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.


ЎзА, Э.Ёдгоров