ЎзА Ўзбек

19.06.2014 13:31 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Ромитанлик қизлар – ғолиб

Бухорода “Маҳалланинг энг ораста қизлари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасидаги мазкур кўрик-танлов Бухоро вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги роли ва мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Юртимизда қизларни ўн икки йиллик узлуксиз таълимга тўла қамраб олиш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга оид ибратли чора-тадбирлар миллатимиз генофондини янада соғломлаштириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни камолга етказишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилмоқда.

Қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган танловда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар ўқувчиларидан сараланган шаҳар ва туманлар терма жамоалари иштирок этди.

Жамоалар томонидан “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Ўзбекистонда жорий қилинган 12 йиллик таълим самаралари”, “Оммавий маданият” мафкуравий таҳдиди – миллат маънавияти кушандаси” каби мавзуларда намойиш этилган саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Ромитан тумани қизлари жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, «Маҳалланинг энг ораста қизлари» республика форумида иштирок этиш имконини қўлга киритди.


ЎзА, Э.Ёдгоров