ЎзА Ўзбек

06.05.2014 11:23 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Ораста қизлар сафи кенгаймоқда

Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган 891 “Ораста қизлар” тўгарагига 156 минг нафардан зиёд қиз жалб этилган. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан тўгараклар фаолиятини мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда “Ораста қизлар” каби тўгараклар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Марҳамат қурилиш ва индустрия касб-ҳунар коллежининг “Ораста қизлар” тўгараги бир неча йилдан буён намунали фаолият юритиб келмоқда. Айни кунда коллежда 10 мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олаётган 1 минг 500 нафарга яқин ўқувчининг қарийб ярми қизлардир.

– Қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда оилавий ҳаёт кўникмасини шакллантириш тўгаракнинг асосий вазифаларидандир, – дейди коллежнинг “Ораста қизлар” тўгараги раҳбари Майрамхон Рўзиева. – Қизларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, пазандалик, бичиш-тикиш сингари рўзғор юмушларини пухта ўзлаштириши, шунингдек, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш бўйича билим ва кўникмасини ошириш учун барча шароит яратилган.

Ўқув даргоҳида туман хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлими, тиббиёт бирлашмаси, Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари ва ота-оналар ҳамкорлигида тўгарак фаолиятини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, эл ҳурматини қозонган нуронийлар, меҳнат фахрийлари иштирокидаги “Қизларда нафосат тарбияси”, “Саломатлик – туман бойлик”, “Қиз боланинг бурч ва масъулияти”, “Ҳаё – қиз боланинг либоси”, “Эрта турмушнинг салбий оқибатлари”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Соғлом турмуш – соғлом келажак” сингари мавзуларда ўтказилаётган тадбир ва учрашувлар қизларнинг маънавиятини, ҳуқуқий, тиббий, одоб-ахлоқ борасидаги билими ва маданиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

– Барча қизлар у ёки бу машғулотга жалб қилинган, – дейди коллеж ўқувчиси Гулсанам Муродилова. – Турли маънавий-маърифий тадбирларнинг мунтазам йўлга қўйилгани, тўгарак етакчилари томонидан “Тенгдош-тенгдошга” шиори остида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида қизларимиз ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда. Умуман, “Ораста қизлар” тўгараги катта ҳаёт остонасида турган қизлар учун ибрат мактаби вазифасини ўтаётир.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев