ЎзА Ўзбек

20.06.2014 13:10 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Ораста қизлар – маҳалла кўрки

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Маҳалланинг энг ораста қизлари” республика форуми ташкил этилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилган ушбу анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган кўрик-танловлар ғолиблари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, ўқитувчилар, шифокорлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга баркамол авлод бўлиб вояга етиши, ҳаётда муносиб ўринни эгаллаши масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда қизларни 12 йиллик узлуксиз таълим билан қамраб олиш, уларнинг саломатлиги, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши тўғрисида ғамхўрлик кўрсатиш борасида изчил тизим яратилгани ўзининг юксак самарасини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қизларни соғлом тарбиялаш, уларга чуқур билим бериш, истеъдоди ва ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид саъй-ҳаракатлар кўламини тобора кенгайтирмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида ёшлар, айниқса, ўсмир қизлар тарбиясини тўғри шакллантириш, уларнинг қалби ва онгида Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини қарор топтириш, саломатлигини асраш, жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишини кучайтириш муҳим ўрин эгаллайди. Ташкилот томонидан ўтказилаётган ижтимоий лойиҳалар ёшларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, қизлар маънавиятини юксалтириш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан ишончли тарзда ҳимоялаш, талабалар турар-жойларининг ободлигини таъминлаш, таълим масканларидаги ўқувчилар давоматини мунтазам таҳлил этиш, оила, маҳалла, ўқув муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2013 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан юртимиздаги барча маҳаллаларда «Ораста қизлар давраси» тўгараклари ташкил этилди. Ушбу тўгаракларнинг асосий мақсади маҳалла қизларида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ўз хонадони, маҳалласи, атроф-муҳит тозалигига эътиборни кучайтириш, экологик ва тиббий маданиятни юксалтиришдан иборат. Ёшлар ўртасида балоғатга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш, ёшларга оиланинг муқаддаслиги, психологик муносабатлар ҳақида кенг тушунча беришдир.

«Ораста қизлар давраси»га маҳалланинг ҳар бир кўчаси, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган қизлар қамраб олингани эътиборга молик. Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари раҳбарлик қилаётган тўгараклар фаолиятини самарали юритишда оила шифокорлари, ҳудуддаги мактаб, коллеж ва лицейлар педагог ва психологлари, катта ҳаёт тажрибасига ҳамда ёшлар билан ишлаш маҳоратига эга онахонлар яқиндан ёрдам бермоқда.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида ушбу жамоат тузилмалари ишини янада жонлантириш, ёшлар онгига миллий қадриятларимизни чуқур сингдириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. «Ораста қизлар давраси» кўрик-танловларида мамлакатимиз бўйича эллик минг нафардан ортиқ қиз қатнашди. Ҳар бир туман, шаҳардан бир нафардан иштирокчи танлаб олиниб, муайян ҳудуд жамоаси шакллантирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллалари қизларидан ташкил топган 14 жамоа ўртасида ташкил этилган «Маҳалланинг энг ораста қизлари» республика форуми жамоатчилик назоратини кучайтиришда маҳаллаларнинг фаол қизлари имконияти ва салоҳиятидан, ёшлар билан ишлашда «тенгдош – тенгдошга» тамойилидан унумли фойдаланиш, ўқувчи-қизларнинг қобилиятини тўлиқ намоён этиши учун етарли шароит яратишда алоҳида аҳамият касб этади.

Форумда жамоалар Ватан, оила муқаддаслиги, саломатлик ва гигиена, юртимизда жорий этилган 12 йиллик таълим тизимининг самарадорлиги, муомала маданияти, оила одоби, хонадонлар ободлиги, миллий анъана ва қадриятларимизнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги билимларини намойиш этди. Айни пайтда уларнинг яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, одам савдосининг оғир оқибатлари, «оммавий маданият», мафкуравий таҳдидларга оид билимлари синовдан ўтказилди. Иштирокчилар саҳна кўриниши, видеолавҳа, бадиий ижро, расм ва плакатлар воситасида муайян мавзуни очиб берди.

Форумда иштирок этган жамоаларнинг ижтимоий ҳаёт, ҳуқуқ ва тиббиёт соҳаларидаги билимлари, маҳаллаларда олиб бораётган ишлари, ёшлар билан ишлашдаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва совғалар топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат)