ЎзА Ўзбек

16.08.2013 14:43 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Майдонда – спортчи хотин-қизлар

Самарқанд шаҳрида Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан аёллар ўртасида ўтказилаётган спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган спорт байрамида фестивалнинг шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 16 жамоа иштирок этди.

– Тиббиёт ходими бўлганим учун спортнинг инсон саломатлигида қанчалик муҳим ўрин тутишини яхши биламан, – дейди Нарпай тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси, волейбол жамоаси аъзоси Зубайда Қоратоева. – Турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим – барчамиз спорт билан мунтазам шуғулланамиз. Бунинг учун уйимизда зарур шароит яратганмиз. Хотин-қизлар иштирокида бундай фестивалларнинг ўтказилиши опа-сингилларимиз ўртасида спортнинг оммавийлигини оширишга хизмат қилади.

Фестивалда хотин-қизлар спортнинг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро баҳслашди. Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Жомбой тумани вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Самарқанд шаҳри аёллари иккинчи ўрин билан кифояланган бўлса, иштихонликлар учинчи ўринни эгаллади. Тадбирда бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)