Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2014 18:40 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи лойиҳалар

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти”нинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Соғлом бола йилида мазкур тузилма томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама этилди.

Анжуманда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий билимларини янада мустаҳкамлаш масаласига доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Республика Савдо-саноат палатаси, етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни ишбилармонлик фаолиятига жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, бизнесга оид илғор ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш учун яқиндан кўмаклашишда мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

“Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида 180 нафар хотин-қизга 3 миллиард 888 миллион сўмликдан ортиқ кредит ажратилди. “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси хотин-қизларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билимларини оширишга хизмат қилган бўлса, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида салкам минг нафарга яқин аёл бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жойларда қизларни эрта турмушга узатиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аёллар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлиги мавзуларида давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида партия «Аёллар қаноти» томонидан аёллар тадбиркорлиги, оилавий бизнесни ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга оид қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч» лойиҳаси фермер хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишга, «Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори», «Замонавий аёл – бунёдкор етакчи» каби лойиҳалар хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, инновацион технологияларни ривожлантириш, мутахассис хотин-қизлар захирасини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик фаолиятига кенг имкониятлар яратилаётгани бизни янада фаол бўлишга ундайди, – дейди Миробод тумани Саракўл маҳалласида яшовчи тадбиркор Фароғат Эргашева. – Миллий либослар тикишга ихтисослашган кичик корхонамизда 15 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётир. Жорий йилда корхонамиз қувватини ошириб, яна 30 нафар коллеж битирувчисини ишга олишни режалаштирганмиз.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда партиянинг ўрни, тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар қўмиталари ва партия «Аёллар қаноти»нинг ҳамкорлиги, фермерлик ҳаракатининг қишлоқ жойлардаги аҳамияти каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.


ЎзА, Н.Усмонова