ЎзА Ўзбек

21.11.2013 15:54 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш – доимий эътиборда

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 46-модда).

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб “Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш – доимий эътиборда” мавзусида республика анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос олимлар, экспертлар иштирок этди.

Республика “Нуроний” жамғармаси раиси Э.Боқибоев, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бошқаруви раисининг ўринбосари Н.Миродилова, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Д.Аллаев, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган мамлакатни модернизация қилиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эътибор кўрсатиш, уларнинг фаоллигини ошириш, айниқса, қизларни ўн икки йиллик таълим билан тўлиқ қамраб олиш борасидаги кенг кўламли ишлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги, оила, оналик ва болалик манфаатлари муҳофазаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, кўплаб ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1991 йил 27 декабрда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилгани аёллар, оилалар ва болалар билан боғлиқ давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 1995 йил 2 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ва жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари раисларига ҳоким ўринбосари мақоми берилди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аёлларни ижтимоий ҳимоялашга оид ишларни янада кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликка оид илғор ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун яқиндан кўмаклашиш, фаолияти хотин-қизларга оид жамоат тузилмалари ишини доимий мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги изчил ислоҳотлар самарасида “Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Нуфузли халқаро институтларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Жаҳон рейтингида мамлакатимиз ёш авлод саломатлигига энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган ўн давлат сафидан жой олди.
Аҳоли генофондини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аёлларнинг ўртача умри 66 ёшдан 73,5 ёшга узайди. Оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробар камайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид вазифаларнинг белгилангани аёллар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тобора кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 2012 йилда 539 тага етди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш, мазкур тизим фаолиятини янада жонлантириш, унинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигига оид янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, ижтимоий аҳамиятга молик дастур ҳамда ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу жамоат ташкилоти тизимида 208 ҳудудий бўлинма, 43 мингга яқин бошланғич ташкилот фаолият юритмоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёллари учун муносиб турмуш шароити яратиш, ўсмир қизларга ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, уларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, касб-ҳунарга йўналтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга оид ишлар ҳажми янада ортди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган дастурлар самарасида 2013 йилнинг 9 ойи давомида 371,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Уларнинг қарийб 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келди. Ўтган даврда тижорат банклари томонидан тадбиркор аёлларга ажратилган микрокредитлар 499,5 миллиард сўмни ташкил этгани мамлакатимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишлар кўламининг нақадар кенглигини тасдиқлайди.

2013 йилда фертиль ёшдаги 7 миллиондан ортиқ аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Хотин-қизлар қўмиталари томонидан маҳалла ёшлари ўртасида ўз саломатлигига бўлган эътибор ва масъулиятни кучайтиришга, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш туйғусини шакллантиришга, экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган минглаб тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилди. Таълим даргоҳларида “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятининг кенг йўлга қўйилгани таълим-тарбия ишини янада такомиллаштириш, қизларнинг тиббий, ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг оила ва жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

– Оиланинг аҳил ва бахтиёрлиги, ҳаётимизнинг янада обод ва фаровонлиги кўп жиҳатдан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеига боғлиқ, – дейди Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Сафарова. – Ташкилотимиз тегишли ҳокимлик ва идоралар, вазирликлар, жамоат тузилмалари билан биргаликда хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, эрта турмуш қуриш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, тўйлардаги ортиқча дабдабабозликларнинг олдини олиш, коллежни тамомлаган қизларни иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга доимий эътибор қаратмоқда.

Анжуманда хотин-қизлар қўмиталари тизимида фаолият кўрсатаётган раҳбар ходимларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳалардаги савиясини юксалтириш борасида амалга ошириладиган аниқ тадбирлар белгилаб олинади. Иштирокчилар Тошкент шаҳридаги намунали маҳаллалар фаолияти билан танишадилар. Анжуман доирасида “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ғолиблари тақдирланади.

Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.


ЎзА, Назокат Усмонова