ЎзА Ўзбек

28.02.2014 16:57 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда

Тошкент давлат аграр университетида хотин-қизлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда фаол ва ишбилармон аёллар, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар иштирок этди.

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Файзиева ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизлар, жумладан, тадбиркор аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида беш минг уч юз нафар аёл тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Уларнинг бизнеси ривожида молия муассасаларининг кўмаги катта бўлмоқда. Вилоятда ушбу соҳа бўйича фаолият олиб бораётган бир минг 522 нафар хотин-қизга ўтган йили банклар томонидан қарийб 41 миллиард ёки 2012 йилга нисбатан 9 миллиард 241 миллион сўм кўп маблағ ажратилгани буни тасдиқлайди.

Семинарда хотин-қизлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини соҳага жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш, бунинг учун зарур шарт-шароит яратиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича сўз юритилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.


ЎзА, Х.Салимов