ЎзА Ўзбек

22.01.2014 16:52 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар манфаатлари – доимий эътиборда

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда хотин-қизлар манфаатлари ифода этилган қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW) ратификация қилинган.

Пойтахтимизда “Гендер статистикасини жамлаш, таҳлил қилиш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида мазкур ҳужжатлар асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг самаралари хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳамкорлиги ва Осиё тараққиёт банкининг минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда хотин-қизларга бўлган юксак эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тобора ошиб бораётгани таъкидланди. Бунда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асос муҳим омил бўлаётир.

Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор масаласи БМТнинг тегишли қўмитаси томонидан ўрганиб борилмоқда. Ўтган даврда бу борада Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг ижросига доир тўртта Миллий ҳисобот кўриб чиқилган. Давлатимизнинг ҳар бир даврий ҳисоботи муҳокама қилиниб, унинг натижаларига кўра якуний таклифлар тақдим этилган. Шу асосда мамлакатимизда Миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилиб, унинг ижроси изчил таъминланмоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, гендер статистикаси эркаклар ва аёллар, ўғил ва қиз болаларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаолиятида юз бераётган ўзгаришларни кузатиш имконини беради. Эркак ва аёлларнинг шарт-шароитлари, муаммоларини аниқлашга кўмаклашади. Шу боис мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор берилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатимиз гендер статистикаси бўйича илк веб-сайт яратилди. Тадбирда тақдимоти ўтказилган мазкур манбада мамлакатимиз ҳаётига оид демография, ижтимоий ҳимоя, меҳнат, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишлари бўйича барча маълумотлар жамланиши билан бирга, ҳуқуқбузарликка оид маълумотлар ҳам ўрин олган.

Анжуманда гендер статистикасига оид бундай кенг кўламли маълумотлар базаси дастур ва стратегияни ишлаб чиқишда, муваффақиятли режалаштириш ва мониторинг олиб боришда муҳим аҳамият касб этиши, уни мунтазам такомиллаштириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.


ЎзА, Н.Абдураимова