ЎзА Ўзбек

07.02.2014 11:28 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар манфаати – доимий эътиборда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мазкур жамоат ташкилотининг 2013 йилдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги вазифалари атрофлича таҳлил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова бошқарган йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз билим ва қобилиятини намоён этиши учун барча зарур шароит ва имкониятларни яратишда муҳим омил бўлаётир.

Бу йўналишдаги ишлар Обод турмуш йилида ҳам изчил давом эттирилди. 2013 йилда хотин-қизлар учун 466 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Уларнинг аксарияти янги ишлаб чиқариш иншоотларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклларини ташкил этиш ҳисобидан яратилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Савдо-саноат палатаси, «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик тижорат банки, «Тадбиркор аёл» уюшмаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ва коллеж битирувчиларида тадбиркорлик кўникмасини ривожлантириш, аёлларнинг иқтисодий билимини янада ошириш мақсадида туркум семинарлар ташкил этилди. Айни пайтда касб-ҳунар коллежини тамомлаган қизларни ишга жойлаштириш, уларнинг бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга яқиндан кўмаклашиш – доимий эътиборда.

Қўмитанинг қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган Ўзбекистон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш лойиҳаси доирасида қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган аёлларнинг иқтисодиётга оид билимлари оширилиб, 347 нафар хотин-қизга 708 миллион сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. 355 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида қарийб уч минг нафар аёлга тадбиркорлик асослари бўйича маслаҳат берилди. Лойиҳа доирасида аёлларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари барпо этиш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўмита фаоллари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда “Жиноятчилик профилактикаси”, “Саломатлик”, “Таълим-тарбия”, “Бандлик”, “Оилаларга кириш” каби бешта сектор асосида иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Ажримларнинг олдини олиш, ёшлар маънавиятини шакллантириш, билим масканларида ўқув-тарбия жараёнини янада яхшилаш, 9-синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ жалб этишда хотин-қизлар бошланғич ташкилотларининг ҳиссаси катта бўлмоқда.

– Аёллар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш масаласи доимий диққат-эътиборимизда, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. – Хусусан, вилоятимизда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган қишлоқ массивларида аёллар учун маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Аёлларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни янада ободонлаштириш, қизларни спортга кенг жалб этиш бўйича тизимли ишлар бажарилди.

Йиғилишда қўмитанинг Соғлом бола йилида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган истиқбол режалари белгилаб олинди.


ЎзА, Назокат Усмонова