ЎзА Ўзбек

20.01.2014 14:27 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар фаоллигини ошириш йўлида

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Аёллар қаноти” кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, партиянинг “Аёллар қаноти” кенгаши раиси 3.Ботирова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини янада юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, оила, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Аёллар, ёшлар ва электорат манфаатларини ифода этишга қаратилган лойиҳалар партиянинг жамоатчилик орасидаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилаётир. Мисол учун, “Аёллар қаноти” кенгаши ташаббуси билан икки йилдан буён ўтказиб келинаётган “Партиянинг оқила аёли” кўрик-танлови хотин-қизларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан олинган маълумотларга кўра, 2013 йилда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, партия мақсад ва вазифалари билан яқиндан таништириш, уларнинг жамиятдаги мақеини юксалтиришга қаратилган тадбирларда минглаб аёлларнинг иштироки таъминланган. Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди.

Тадбирда “Аёллар қаноти” кенгашининг фаолиятини кучайтириш ва замон талабларига мослаштириш, ташаббускорлигини ошириш, партия тизимида фаол аёлларни кўпайтириш, уларни партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга кенг жалб этиш масалалари юзасидан вазифалар белгиланди.


ЎзА, Сайёра Шоева