ЎзА Ўзбек

12.02.2014 20:05 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Хотин-қизлар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самараларини бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Ибрагимова бу борада Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирокини таъминлаш, фарзанд тарбияси, оиладаги масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида депутатлар, корхона ва ташкилот, фермер хўжаликлари раҳбарлари, илм-фан намояндалари орасида хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 3 минг 250 нафардан зиёд хотин-қиз турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 8 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 76 нафар хотин-қиз депутат этиб сайлангани аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодасидир. 165 нафар олима илм-фан тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Қорақалпоғистон Республикасида 2013 йилда хотин-қизлар учун қарийб 21 минг янги иш ўрни яратилди. Хотин-қизлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ўз бизнесини йўлга қўйиб, оиласига, эл-юртга наф келтираётган аёлларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Айни пайтда 8 минг 800 га яқин аёл шу соҳада фаолият кўрсатмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга олиб чиқишга Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва банк муассасалари томонидан моддий ва маънавий ёрдам берилмоқда. 2013 йилда 1 минг 298 нафар тадбиркор аёлга 27 миллиард 538 миллион сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилиб, 2 минг 382 янги иш ўрни яратилди.

Маҳаллаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида ишлаб чиқилган дастурлар асосида жойлардаги хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари ҳам самарали иш олиб бормоқда. Хусусан, “Энг намунали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг мамлакат босқичида совринли ўринларни эгаллаган Элликқалъа туманидаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Азира Қурбаниязова, Тўрткўл туманидаги 27-умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раҳбари Сапаргул Қақабоева, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раҳбари Алима Пирниязова каби опа-сингилларимиз билан фахрланамиз.

Хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган анъанавий “Гимнастика барча учун” аёллар спорт мусобақасида қорақалпоғистонлик хотин-қизлар муваффақиятли иштирок этгани бунинг далилидир. Нукусдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг “Персона” жамоаси “Энг зўр динамика” номинациясида 1-даражали диплом билан тақдирланди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Умуман айтганда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам хотин-қизлар фаоллигини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда.


ЎзА, А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат)