ЎзА Ўзбек

06.05.2014 20:22 Хотин- қизларга эътибор - келажакка эътибор

Қизлар учун сифатли спорт либослари

Пойтахтимиздаги 38-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортчи қизларга миллий ва замонавий услублар асосида тайёрланган спорт кийимларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари А.Бобонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда давр талабига мос замонавий спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самараларини бермоқда. Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилган муҳташам спорт мажмуаларида ўғил-қизларнинг спорт билан шуғулланиши ва соғлом бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Биргина 2013 йилда Тошкент шаҳрида иккита болалар спорт мажмуаси, иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, битта сузиш ҳавзаси ҳамда бешта болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Айни пайтда мавжуд спорт мажмуаларида 184 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спорт машғулотларига жалб этилган. Уларнинг 78 минг нафардан ортиғи қизлардир.

Бу борадаги эзгу ишлар Соғлом бола йилида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Қизлар учун юқори сифатли, миллий ва замонавий услублар уйғунлашган спорт кийимлари тайёрлаш йўлга қўйилгани уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан пойтахтимиздаги 11 минг 300 нафар қизга ана шундай спорт кийимлари топширилди.

– Кўркам спорт либосларининг тақдим этилиши Президентимиз томонидан қизларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир, – дейди Яккасарой туманидаги 13-ихтисослашган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби услубчиси Мақсуда Халилова. – Бу либослар фарзандларимизнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширишга хизмат қилади.

Мутахассисларнинг тавсияси асосида тайёрланган бу либослар юқори сифатли, юртимиз иқлим шароитига мос ва қулайлиги билан ажралиб туради.

– Биз, спортчиларга кўрсатаётган ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз, – дейди спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпиони Турдихон Исломова. – Бундай юксак эътиборга жавобан келгусида нуфузли мусобақаларда янада юқори натижаларга эришиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Тадбирда спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ёш ижрочиларнинг концерт дастури барчага хушнудлик бағишлади.


ЎзА, Байрам Айтмуродов, Сарвар Ўрмонов (сурат)