ЎзА Ўзбек

30.01.2018 09:34 Энг кўп кўрилган

Зангиота туманидаги янги ҳибсхона нега саккиз қиррали шаклда бунёд этилди?

Зангиота туманидаги янги ҳибсхона нега саккиз қиррали шаклда бунёд этилди?
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи – Ички ишлар вазирининг Матбуот котиби Қутбиддин БУРҲОНОВ янги ҳибсхона ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

– Президент қарори асосида Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тергов ҳибсхонаси қурилди, – дейди Қутбиддин БУРҲОНОВ. – Ҳозирги кунда “Тоштурма”да сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг барчаси янги бинога кўчирилди. 

Халқ орасида “Тоштурма” номи билан машҳур Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонаси 1891 йилда Чор Россияси амалдорлари буйруғига биноан тошдан барпо этилган. Ўзаро ер ости ва ер усти йўллари билан бир-бирига боғланган тўрт корпус мавжуд бўлса-да, бинонинг умумий аҳволи бугунги кун талабларига, халқаро стандартларга жавоб бермасди. 

Бинони лойиҳалаштиришда иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари, жазони ижро этишга оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган. Бинони қуриш ва жиҳозлашда замонавий технология ва материаллардан фойдаланилди. 

Ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари ҳар томонлама қулай. Махсус контингентга зарур бўлган тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни ташкиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Озиқ-овқат ва дори-дармонларни сақлаш учун замонавий музлаткичлар ўрнатилган. 

Халқаро ва замон талабларига жавоб берувчи, қурилиши ва жиҳозланиши жиҳатидан МДҲ давлатлари ичида ягона ҳисобланган ушбу ҳибсхона саккиз қиррали юлдуз шаклида қурилгани камераларга ҳар томонлама ёруғлик тушишини таъминлайди. 

Маҳкум ва маҳбусларнинг яқин қариндошлари, адвокатлари билан учрашув хоналари мавжуд. Бу хоналар барча талабларга жавоб беради. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида барча жазони ижро этиш муассасалари, шу жумладан янги тергов ҳибсхонаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Бу маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутувчи восита бўлиб, уларга қўпол муомалада бўлиш, зўравонлик қилиш каби иллатларга барҳам беради. 

Хориж амалиётига назар ташласак, аксарият ривожланган давлатларда маҳкумларни сақлаш, озиқ-овқат таъминоти масаласи жазо муддатини ўтаётган шахснинг ҳисобидан қопланади. Юртимизда эса маҳкумларни сақлаш ҳаражатлари давлат бюджетидан қопланади. 

Мазкур амалиёт Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи олий қадрият сифатида эътироф этилгани, жазо муддатини ўтаётган шахсга нисбатан унинг ижтимоий келиб чиқиши, қайси давлат фуқароси экани, мавқеи, ирқи, динидан қатъий назар, авваламбор, инсон сифатида муносабатда бўлинаётганидан дарак беради. 

Норгул Абдураимова, ЎзА