ЎзА Ўзбек

25.01.2018 11:02 Энг кўп кўрилган

Ҳуқуқшунос: Ўзбекистонда коррупциядан қутулиш мумкин

Ҳуқуқшунос: Ўзбекистонда коррупциядан қутулиш мумкин
Таниш-билишчилик, пул бериб иш битириш каби ҳолатлар борлигини ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Мана шундай ҳолатлар сабаб баъзи соҳаларда ривожланиш ўрнига орқага кетиш, оқсоқлик каби ҳолатлар кузатилаётгани сир эмас. 

Дарҳақиқат, коррупция - вайронкор куч, у миллий иқтисодиётга мисли кўрилмаган даражада путур етказади. Ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамиятда маънавият бузилади ва ҳоказо. 

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, агар давлат органлари тизимида коррупцияга қарши ўз вақтида кескин чоралар кўрилмаса, давлат қанчалик ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлмасин, у ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз тутади. 
  
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари инсон шаънини камситадиган, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантирадиган иллат – коррупцияга қарши курашишга эътибор қаратмоқда. 

Юртимизда коррупциянинг олдини олишнинг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган. 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми нормаларини таҳлил қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки, мазкур қонунда коррупция билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун 20 га яқин моддада жавобгарлик белгиланган. 

Кодекснинг 210-моддаси, яъни “Пора олиш” жиноятига алоҳида тўхталиб ўтсак. Мазкур ҳолатда ҳар икки тараф, яъни пора олувчи ҳам, пора берувчи ҳам жиноятдан бирдек манфаатдор бўлгани учун ушбу турдаги жиноятларнинг яширинлик даражаси юқори ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, пора олиш билан боғлиқ ҳолатларни аввало, фош этишда, қолаверса, айбдор шахсларнининг айбини исботлашда катта тўсиқдир.

Шуни инобатга олиб, порахўрлик жиноятини очиш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш, шунингдек, ушбу жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддаларининг 4-қисмларида пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод этиш шартлари белгиланган. 
Ушбу нормага мувофиқ, пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс, агар жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Мамлакатимизда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш жараёнини қатъий тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Виртуал қабулхонаси мурожаатларни кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишнинг муҳим, ўзига хос тизимига айланди. Авваллари одамлар ўз муаммоси раҳбарларга етиб бормаслиги сабабли уни кимларнидир ўртага қўйиб ҳал этган бўлса, эндиликда тўғридан-тўғри раҳбарлар билан мулоқот қилмоқда. 

Айнан шу йўналишда яна қандай ишларни амалга ошириш зарур? Бунга “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундан жавоб топиш мумкин. Унга кўра, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш зарур. 

Бу жараёнда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш чора-тадбирларини кўриши, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияни олиб бориши лозим. 

Буларни эсга олишдан мақсад – қонунлар қоғозда қолиб кетмасин. Унинг қоидаларини ҳар биримиз билишимиз ва амалда қўллашга ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, коррупция билан боғлиқ ҳолатларни кўрганда бефарқ бўлмайлик. Шунда коррупция деган иллатдан бутунлай қутилиш мумкин. 

Раъно Турдибоева,
юридик фанлари номзоди

ЎзА