ЎзА Ўзбек

24.01.2018 12:13 Энг кўп кўрилган

Тошкентда уй-жойни пропискасиз расмийлаштириш тартиби қачон ишга тушади?

Тошкентда уй-жойни пропискасиз расмийлаштириш тартиби қачон ишга тушади?
Одамлар бировнинг номида бўлган уйини ўз номига ўтказиш ёки ўз номига уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилмоқда 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги Фармони билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унда назарда тутилган умидбахш ғоя ва мақсадлар юртдошларимизни бефарқ қолдирмади. 

Давлат дастури тасдиқланиши билан адлия, хусусан, нотариал идораларга мурожаатлар сони кескин ошгани кузатилган. 

Бунинг боиси Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш назарда тутилганидир. 

– Кўпчилик бу янгиликни эшитиши билан уй-жой кадастр ҳужжатлари билан нотариуслар ҳузурига ошиқмоқда, – дейди Миробод тумани 3-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Раъно Комилхўжаева. – Айнан шу масала бўйича телефон қўнғироқларининг ҳам охири кўринмаяпти. Одамлар Давлат дастури тасдиқланиши билан бировнинг номида бўлган уйини ўз номига ўтказишга ёки ўз номига уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишимизни талаб қилмоқда. Уларга зарур ҳуқуқий тушунтириш беряпмиз. 

Дарҳақиқат, ушбу масала кўпдан буён одамларни қийнаб келаётган эди. Шу боис ушбу масала билан боғлиқ ахборотлар халқимиз орасида, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мулоҳазаларга сабаб бўлгани ҳам сир эмас. 

Хўш, фуқароларни қийнаган бу масала амалда қачон ечимини топади? 

– Давлат дастури йил давомида амалга ошириладиган амалий ишлар, қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар акс эттирилган йирик ҳужжатдир, – дейди Адлия вазирлиги қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев. – 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури 5 бўлимдан иборат бўлиб, шу асосда 37 қонун ишлаб чиқилади. 142 норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Давлат дастурининг 56-бандида кўрсатилган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштиришга оид ишлар бўйича Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари масъул қилиб белгиланган. Мазкур банд бўйича 2018 йил 20 мартгача норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. Бу лойиҳалар жорий йилда амалга ошириладиган ишларга оид Давлат дастурида белгилангани учун ҳам шу йилнинг ўзида қабул қилиниши мумкин. Мазкур ҳужжатлар кучга кирганидан кейин амалий ишларга киришилади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА