ЎзА Ўзбек

21.01.2018 12:57 Энг кўп кўрилган

Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: “Кунлик топадиган пулимиз 3-5 доллар атрофидалигини билармикан ўша эксперт? Хўш, энди бу пулни кичик бир оиланинг бир ойлик рўзғорига етказиб кўринг-чи!”

Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: “Кунлик топадиган пулимиз 3-5 доллар атрофидалигини билармикан ўша эксперт? Хўш, энди бу пулни кичик бир оиланинг бир ойлик рўзғорига етказиб кўринг-чи!”
Шу йилнинг 18 январь куни сайтимиз орқали эксперт Акмал Абдураимовнинг “Тошкентдаги жамоат транспортининг нархи Москвадагидан олти баробар арзон” сарлавҳали материали берилган эди. Унда билдирилган фикрлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Таниқли зиёлиларимиз, хорижда яшаётган ватандошларимиз, юртдошларимиз томонидан эксперт келтирган маълумотларга эътирозлар билдирилди.

Мана улардан айримлари:

Хуршид Даврон: “Акмал Абдураимов Ўзбекистонда транспортдан фойдаланиш нархлари бошқа мамлакатларга нисбатан анча паст деган фикрни билдирибди. Жаноб «эксперт», ўша сиз тилга олган мамлакатлар (пойтахтлари) билан Ўзбекистоннинг ойлик иш ҳақиниям бир таққослаб берингчи. Ўшанда қаерда арзону қаерда қимматлиги билинади қолади!”

Фахриддин Низамов: “Демак, жамоатчилик фикрини жамоат транспорти нархлари қимматлашувига тайёрлаш бошланди. Экспертнинг таққослари механик жиҳатдан тўғри. Аммо 6 баробар арзон, дейишдан олдин москваликларнинг маоши билан бу ердаги маошлар ҳам бир солиштириб кўрилса, ёмон бўлмас эди”.

Юсуп Худойқул: “Акмал ака, аввал ўзбекнинг сўмини қадрини ошириб олсак бўлмасмикин... кейин нарх-наво ҳақида гапирсак арзирди”.

Лазизжон Баҳранов: “Ўша экспертнинг мақоласига қарши раддия ёзиб, ЎзА орқали эълон қилиш керак. Шунда сал фойдалироқ бўларди. Ҳар томонлама асосланган, реал вазият таҳлил қилинган мақолани ЎзАдагилар ҳам бажонидил қабул қилишади, деб ўйлайман”.

Ҳусниддин Бердиев: “Москвада энг оғир, қора ишда ишлаб, ҳамюртларимиз ойига 500 доллар топишмоқда”.

Абдуғафурур Алаев: “Транспорт ҳатто шўролар даврида ҳам Ўзбекистонда қиммат эди. Масалан, пешонасига "Экспресc" деб ёзилган автобусларда йўл ҳақи бизда 10 тийин бўлган. Москва, Питербург, Киев, Минск каби катта шаҳарларда бу турдаги тезюрар автобусларда йўл ҳақи 5 тийин эди. Йўналиш узунлигининг эса энг калтаси бизда. Уларда шаҳарнинг ўртасида автобус қайтадиган шоҳбекатлар йўқ. Бизда шаҳарнинг бир жойидан иккинчи жойига бориш учун камида 2-3 марта бошқа транспортга ўтиришга тўғри келади. Бир марта адашиб Юнусобод-Қўйлиқ йўналишига 50-автобус қўйишганэди. Кейин, йўқ бу бизга бўлмайди, деб 50-йўналишни иккига бўлиб қўйишди. Бизда деҳқоннинг меҳнат маҳсули арзон, холос. Уни ҳам савдогарлар, "супермаркет"лар арзон-гаров сотиб олиб, ҳалққа отасининг нархини қўйиб сотишмоқда”. 

Бек Абдураҳмонов: “Кунлик топадиган пулимиз 3-5 доллар атрофидалигини билармикан ўша эксперт? Бир ойда 90-150 доллар топадиган пайтларимиз ҳам бўлади. Ўшанда ҳам бир ой дам олишсиз ишласак топамиз. Хўш, энди бу пулни кичик бир оиланинг бир ойлик рўзғорига етказиб кўрингчи!”

Акмал Ҳожиакбаров: “Наманган шаҳрида йўл ҳақи учун оиламиз билан ойига 500-600 минг сўм сарфлаймиз. Бир кун шаҳарда газ бўлмаганига йул киралар 1500-2000 сўмга кўтарилиб кетди. Олаётган маошимизнинг ярми транспорт харажатларига кетади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 10 фоизи ҳам етмайди”.

Умида Раҳмонова “Ойлигим 950 минг сўм. Йўл кирага 350 минг кетади. Ишдан кеч чиққан пайтларим жамоат транспорти бўлмагани учун таксида қайтаман. Қоладиган пул 600 минг сўм. Бу пулга коммунал тўловларни тўлайми, оиламни боқайми? Келажакда яхшироқ жойда ишлайман деб 4 йил университетда ўқиганман. Афсус...”

Феруза Қуванова: “Шу пайтгача бизда фақат транспортнинг нархига чидаш мумкин эди. Бу масала кўтарилганига қараганда буям кўтарилади шекилли”. 

Таҳририятдан: Билдирилган ушбу фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб сайтимизда бугун “Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: “Ойлик маошларни ҳам ҳисобга олдингизми, жаноб эксперт?” сарлавҳаси остида эксперт Акмал Абдураимовнинг жавоб материали эълон қилинди. 

Шунга қарамай кеча сайтимизда берилган материал юзасидан ЎзАга мурожаатлар давом этаётгани, ижтимоий тармоқларда муҳокамалар тўхтамаётгани боис экспертнинг жавоб мақоласини яна бир марта эълон қилишга қарор қилдик.



Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: “Ойлик маошларни ҳам ҳисобга олдингизми, жаноб эксперт?”

ЎзАда эълон қилинган “Тошкентдаги жамоат транспортининг нархи Москвадагидан олти баробар арзон” ва бошқа мақолаларни ўқиб, ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга эксперт Акмал Абдураимовнинг жавоби. 

Мақола юзасидан билдирилган фикрлар орасида “ойлик маошни ҳисобга олдингизми”, деган савол жуда кўп марта такрорланган. Эксперт бу масала юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

– БМТнинг инсон тараққиёти индекси бўйича Ўзбекистон 2017 йил 188 хорижий давлат орасида 105-ўринни эгаллаганлиги қайд этилган, – дейди эксперт. – Бундай ҳолатларда турмуш даражасини қиёслаш орқали баҳолаш мумкин. Хусусан, 2017 йилда мамлакатимизда аҳолининг жами реал даромадлари ҳажми 2016 йилга нисбатан деярли 5,7 фоизга ошган ҳолда аҳоли жон бошига кўра қарийб 5,4 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўпми ёки камми? Бу саволга жавоб бериш учун МДҲ мамлакатларидаги худди шу кўрсаткичларни кўриб чиқиш етарли, деб ўйлаймиз.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, харид қобилиятини тенглаштириш ҳисобига 2016 йилда аҳолининг реал даромадлари ҳажми мамлакатимизда жон бошига 6 650 АҚШ долларини ташкил қилди ва 2000 йилга нисбатан 3,4 баробар кўпайган. Шу даврда ушбу кўрсаткич Россияда - 3,4, Қозоғистонда - 3,1, Белоруссияда - 2,9, Қирғизистон ва Украинада - 2,2 баробарни ташкил қилган.

Тўғри, бу кўрсаткичнинг ўсиш суръатлари юқори бўлгани билан унинг мутлақ даражаси ҳали биз хоҳлаган даражадан анча паст. Шу билан бирга, турмуш даражаси юқори, ривожланган давлатларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар бундан бир неча баробар юқори эканлигини албатта эътироф этамиз.

Бу йили ўртача ойлик иш ҳақи деярли 1 миллион 453 минг сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Аммо бу кўрсаткичлар қанчалик тўғри? Статистик рақамлар бизнинг реал даромадимизни акс эттирадими? Биз солиқ ёки статистика органларига барча даромадларингизни кўрсатаяпмизми? деган саволлар жавобсиз, очиқ қолмоқда.

Аҳоли даромадларининг таркибий қисмида ойлик маошдан ташқари унсурлар ҳам борлигини ҳисобга олишимиз зарур. Маош оила даромадларининг бир қисми, холос. Даромадларимиз таркибида “ижтимоий трансфертлар” номи билан умумлаштириладиган пенсия, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам каби тўловларнинг ҳам сезиларли ўрни бор.

Ёки бўлмаса киракашлик қилиб, аҳолининг ҳожатини чиқариб олинаётган даромадлар расмий ҳисобга киритилганми? Яна бир ҳисобга кирмаган даромад манбаи – томорқамизда ёки иссиқхонамизда етиштирилаётган кўкатлар, мева ва сабзавотлардир – акс ҳолда уларни биз бозордан ёки дўкондан сотиб олардик-ку?! Ёки бўлмаса қўшма корхоналарда ва фирмаларда “конверт”да ойлик бериш одат бўлиб қолган. Оқибатда, ойлик иш ҳақимизни камайтириб кўрсатиб, ҳақиқий даромадимизни давлатдан яширадиган ҳам ўзимиз, натижада давлат бюджетига тушиши мумкин бўлган даромад солиғини ва келажакдаги пенсиямиз миқдорини камайтирган ҳам ўзимиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда “даромадимиз паст”лигидан ажабланишимиз ноўринлиги ҳам кўзга ташланади. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, ички бозордаги нархлар жаҳон нархларидан бир неча бор паст. Аслида бу фақатгина Ўзбекистонга хос жиҳат ҳам эмас, кўпчилик мамлакатларда нархлар даражаси бир неча бор фарқ қилиши кузатилади. Бунга нафақат аҳолининг тўлов қобилияти ёки даромадлари ҳажми, балки солиқлар даражаси, электр энергияси, газ ва бошқа инфратузилма хизматлари, ер-мулк нархлари даражаси ва бошқа бир қатор омиллар таъсир қилади.

Жаҳон Банкининг маълумотларига кўра, масалан, Австриядаги нархлар даражаси Венгриядаги нархлардан 1,9 баробар, Венгрия билан Россия 1,3 баробар, Россия билан Ўзбекистон нархлари эса 1,2 баробар фарқ килади. Ёки Ўзбекистон ва Австриядаги нархларни солиштирсак 2,7 маротаба фарқ қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида амалга оширилган нархлар сиёсати нархлар даражасини ва нисбатларини бугунги кун учун номуносиб ҳолга келтириб қўйганини ҳам эътироф этишимиз даркор. Шунинг учун ҳам нархларни аҳолининг тўловга қобилиятига ва корхоналар рақобатбардошлигига таъсирини ҳисобга олиб бу борада ҳам мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини қайд этишимиз зарур.

Баъзи кишилар нархлар (инфляция) даражасини бир ёки бир нечта товар турлари нархларнинг ўзгаришига қараб баҳолашга ҳаракат қилишади. Кимдир инфляция даражасини гўшт нархининг ўсиши билан, кимдир шакарнинг, кимдир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг ўсиши билан, яна кимдир эса бензин нархи орқали баҳолайди.

Халқаро валюта жамғармасининг тажрибасига мувофиқ, бу кўрсаткични ҳисоблаш методологияси халқаро талаблар даражасига келтирилди. Чунки аслида эса инфляция даражасини ҳисоблашда, халқаро амалиётга кўра, аҳоли истеъмол қиладиган барча товар ва хизматлар нархларининг ўртача ўзгариши (ўсиши ёки пасайиши) ҳисобга олиниши лозим. Нархларнинг умумий ўзгаришига ушбу товар ва хизматларнинг аҳоли истеъмолидаги улуши ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, 2017 йилда гўшт нархи 35,9 фоизга, тухум-36,1 фоизга, ўсимлик ёғи- 15,3 фоизга, гуруч -16,2 фоизга, шакар -28,8 фоизга, картошка -64,2 фоизга ошган, карам - 9 фоизга ва саримсоқ пиёз нархи эса 22,5 фоизга тушган бўлса, ўрта ҳисобда нархларнинг ўсиши (яъни инфляция) 14,4 фоизни ташкил қилган.

Яна бир муҳим масала бор. Оиламиз фаровонлигини ошириш учун ўзимиз ҳам етарлича ҳаракат қиляпмизми?

Бозор иқтисодиёти ўз ички хусусиятига кўра иқтисодий эркинлик ва ташаббусга асосланган шундай тизимки, унда ҳар ким ўзининг ақлий салоҳияти ҳамда хатти-ҳаракатига мувофиқ равишда ҳаёт фаровонлигига эга бўлади. Бошқаларга нисбатан меҳнатининг самараси баланд бўлган кишилар, албатта, шунга яраша яхшироқ ҳаёт тарзига эга бўлади.

Бозор иқтисодиёти тизимида юқори малака, ақлий салоҳият, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган шахслар ҳар доим бошқаларга нисбатан яхши яшаши хаммамизга маълум. Шунинг учун, ким жамиятда муносиб ўринга эга бўлишни хоҳласа, иқтисодиётда содир бўлаётган ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун ўз устида муттасил ишлаши талаб қилинади. Бу аччиқ, аммо адолатли қоида-ку?

Шу билан билан бирга, аҳолининг кучли табақаланишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатимизда кам таъминланган, ёши улуғ ҳамда ногиронлиги бор шахсларни кучли ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз юксак ривожланган ва изчил тараққий этаётган кишилик жамиятида яшамоқдамиз. Шунинг учун аҳоли турмуш даражасини ҳисоблашда фақат моддий эмас, балки ҳаётнинг ижтимоий-маънавий жиҳатларини ҳам ҳисобга олишимиз лозим бўлади.

Айтиш жоизки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик, миллатлараро тотувлик, диний эркинлик, бепул тиббий хизмат ва бошланғич таълим тизими Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросида Ватанимизга ифтихор туйғуларини уйғотади.

Болажон ва меҳнаткаш халқимиз қадим-қадимдан ушбу қадриятларни улуғлаб, авлоддан-авлодга етказмоқда. Бундай муҳим бойликларни сақлаш, мустаҳкамлаш, кўпайтириш ва улардан ҳаётимизни янада фаровон ва гўзал қилишда самарали фойдаланиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Муҳокамалар давом этади. Сиз қандай фикрдасиз? Фикр билдиринг.

ЎзА