ЎзА Ўзбек

15.01.2018 18:50 Энг кўп кўрилган

“Чортоқ”ликлар илтижоси: “Бизни ўғрилардан ҳимоя қилинг...”

“Чортоқ”ликлар илтижоси: “Бизни ўғрилардан ҳимоя қилинг...”
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилоят ҳокимлиги диққатига!

Бу – жуда оғир иқрор. Чунки одамлар яхши билади – бугун мол-мулкига дахл қилаётган кимсалар, кун келиб инсон ҳаётига ҳам раҳна солишини. Ахир бир марталик берилган ҳаётда юракни ҳовучлаб яшаш осон эмас.

Бугун жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги йўлида қилинаётган ўзгаришларни санаб адоғига етиш қийин. Биргина ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ортидан соҳа ходимларига муносиб турмуш шароити яратиб берилмоқда. Ҳар бир профилактика инспектори хизмат машинаси, уй-жой билан таъминланмоқда, маълум бир имтиёзларга эга бўлаётир. Қонунан давлат томонидан керагича ваколат ва имкониятлар берилган. Ҳудудлар тинчлигини сақлаш йўлида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси, йиғин фаоллари бевосита профилактика инспектори билан бақамти фаолият юритиши белгиланган.

Президентимиз “Салгина дунёқарашни ўзгартириб, ҳалол, пок бўлиб ишланглар. Ҳамма шароитни яратамиз, нопокликка аралашманглар”, демоқда.

Аммо ҳамма жойда ҳам бу тушунча борлигича қабул қилиняптими? Шунча имконият ва шароитлар яратилган бўлса-да, эскича ишлаш, тор дунёқараш билан юрганлар йўқми? Одамларда соҳа вакилларига нисбатан ишонч мустаҳкам-ми?

Саволларга баралла жавоб беришга ийманасан киши. Ахир кўз кўриб, қулоқ эшитаётган ҳодисотлардан тониш қийин.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида “Чортоқ” деган маҳалла бор. Пойтахтдан унча узоқ эмас, нари борса 1-2 чақирим келади, холос. Аммо бу ҳудудда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни эшитиб рости ёқа ушлайсан киши.

– Икки йилдан буён маҳалламизда ўғирлик ва талончиликларнинг кети узилмайди, – дейди шу маҳаллада яшовчи фуқаро Исфандиёр Халилов. — Айнан шу кунларда яна авж олди. Бу борада профилактика инспекторига бир неча бор мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Хонадонимизга ўғрилар киргандан буён болаларим қўрқиб қолган, турмуш ўртоғим “Бу ерда яшамайлик”, деб кунда йиғлайди. Маҳалламизда турли хил миш-мишлар юрибди.

Бугун вазият маҳаллада шундай таранглашдики, одамлар хавотир ва ҳадик ичида яшаяпти.

– Наҳотки, ўғрини топиш шунчалар қийин бўлса, – дейди “Чортоқ” маҳалласи 8-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Баҳодир Ҳикматов. – Қаранг, талон-тарож бўлган хонадонлар қанча?! Мана 7-, 8-, 9-, 10-уйларни кўринг, ўғрилар кириб бор-будини шилиб кетган. Бунга чора кўриши керак-ку. Милицияга гумонимни айтдим. Улар эса ўғрини топиш ўрнига ўзимни айбдор қилмоқчи. Шундай мутасаддиларни ҳеч учратганмисиз.

Одамлар билан суҳбатлашар эканмиз, улар “Ваҳима фақат шу билан чекланса майли, аммо турли қўрқинчли гап-сўзлар юрагимизни эзиб юбораяпти, ахир олдимизда оиламиз, фарзандларимиз бор”, дейишди.

– 2017 йил 17 ноябрь куни уйимга ўғриликка киришган, – дейди яна бир фуқаро Фарҳод Холов. – Мана, 2 ойдан ошди, ҳеч қандай дарак йўқ. Нарса-буюмларимга ачинмайман. Маҳаллада тинчлик бўлишини хоҳлайман. Одамлар тинчгина ором олишини истайман. “Бугун яна қаерни ўғри босди, фарзандларга қаранг кўчага чиқмасин, уйда болаларим тинч ўтирибдимикан”, дея хавотир билан яшашни истамайман. 

Ҳақиқатан ҳам жиноятнинг катта кичиги бўлмайди, у мавжуд ҳаётимизда давомийлик касб этар экан, ким содир этишидан қатъий назар хотиржам яшай олмаймиз. Айниқса, ўғирликлар сони камаймаса, хавотир ошиши тайин. Ахир жиноят биргина моддий ёки маиший муаммоларни келтириб чиқармайди. Унинг ижтимоий хавфи, келажакка, соғлом муҳитга таъсири сезиларли даражада кучли.

Маҳалла, ички ишлар тизими фаолларининг фаолияти жамоатчиликни қониқтирмаётгани кундек равшан.

– Мутасаддилар истаса топади, – дейди фуқаро Даврон Азимов. – Ёки улар ўртасида биз билмаган қандайдир сир бормикан, деб ўйлаб қоласан киши. Уйимга кириб, сейфни бузиб, бор-будимни олиб кетишди. Менинг ақлим етмаяпти, шунча ишлар бўлаяпти, аммо ўғрилар топилмаяпти, охири нима бўлар экан.

Ички ишлар мутасаддилари эса фақатгина ўзларини оқлаш билан овора.

– Балки майда икир-чикир деб эътибор қаратмас, аммо ана шу майда нарсалардан катта фожиалар ясалаётганини кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитгандан сўнг англаймиз, – дейди кекса онахон Сабоҳат ая Санаева. — Ваҳоланки, барчасига вақтида чек қўйиш мумкин. Ишониб, бизни ҳимоя қилади, деганларимиз ҳеч нарса қилмай турса, нима қилиш керак?! 

Булар “Чортоқ” маҳалласи аҳолисининг ташвишлари. Хўш, бўёғи нима бўлади? 

Мавзуга яна қайтамиз.

photo5395874380581546843.jpg

photo5395874380581546846.jpg
photo5393207038387005532.jpg
photo5395874380581546836.jpg


Аслиддин Суюнов, ЎзА