16.01.2018 17:57 Энг кўп кўрилган

Боғча опалар қачон "уйғонади"?

Боғча опалар қачон "уйғонади"?
...Боғча мудираси кичик гуруҳ фаолияти билан таништирди. 

19.JPG

Болалар эрталабки нонуштани соат 11.00 да бошлашибди. Бири берилган таомни тановул қиляпти, бошқаси ўйнаяпти, яна бири кашани ерга тўкиб қўйиб йиғламоқда. 

Тарбиячи телефонда ким биландир мириқиб суҳбат қурмоқда. Биз кутилмаганда келиб, унинг суҳбатини буздик шекилли кайфияти тушиб кетди. 

18.JPG

Мудира бу вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида: 

– Юринг синглим ўрта гуруҳга бора қолайлик, болалар машғулот ўтаётган бўлса керак, – деб қолди. 

Эътироз билдирмай ўрта гуруҳга кирдик. Болалар гуруҳни бошига кўтариб бир-бири билан тортишиб, талашиб ўйнамоқда. Афсуски, мудира айтган машғулотдан дарак йўқ. Тарбиячи ўзига оро бериш билан банд. Бизни кўриб жойидан зўрға туриб болаларни тинчлантириб, машғулот ўтишга тайёргарлик кўраётганини айтди. 

Кичкинтойларни гапга солдик. 

– Исминг нима? 

– Муҳаммадали. 

– Ҳозир юртимизда қандай фасл? 

– Зумят баҳой. 

– Санашни биласанми? 

Болакай елкасини қисиб билмайман, деди. 

Тарбиячи “бу бола яқинда келган бошқасидан сўранг”, деб навбатдаги болани кўрсатди. 

Беш нафар болани турғазиб саноқ сонлари, ранглар, табиат, ҳайвонлар каби оддий саволларга жавоб ололмадик... 

Тўгарак хоналари бўш. Афтидан боғчада бирорта ҳам тўгарак фаолияти йўлга қўйилмаган. 

Вазиятга ойдинлик киритиш учун мудирани саволга тутдик. 

– Тўғрисини айтсам, камчиликларимиз жуда кўп, – дейди мудира Раъно Насриддинова. – Сабаби, бу ерда иш бошлаганимга бир йил бўлди. Ходимларимнинг педагогик савиясини ҳали синовдан ўтказганим йўқ. Қолаверса, муассасамиз яқинда таъмирдан чиқди. Машғулот ўтишга бизда ҳозирча янги қўлланмалар, материаллар йўқ. Яқинда буюртма қиламиз. 

17.JPG

Наҳотки, мудира бир йил ичида қўл остида ишлаётган ходимлари ҳақида маълумотга эга бўлмаса? Боғчада яратилган энг яхши замонавий шарт-шароитлар болаларга ҳақиқий маънода таълим-тарбия бериш учун камлик қилса? Аслида бошланғич бўғинга кўрсатилаётган эътибор замирида ҳам аввало, болаларнинг билимли, ақл заковатли қилиб тарбиялаш мақсад қилинган эмасми?! 

20.JPG

Ҳа-я, биз сўзлаган ҳикоя Шайхонтоҳур туманидаги 111-мактабгача таълим муассасасида бўлган воқеа. Ўтган йили реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган, бугунги замон талабларига жавоб берадиган, моддий-техник базаси мукаммал яратилган боғчада барча шароитлар яратилган. Фақат, ишга муносабат ҳамон эскича, ўзгармаган, боғча опалар «уйғонмаган». 

Шаҳноза Маматуропова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА