ЎзА Ўзбек

09.09.2016 12:29 Болалар спорти

Жиззахда яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди

Жиззахда яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди Жиззах шаҳрида яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратишга қаратилган доимий эътибор юксак самаралар бермоқда.

Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги собиқ олимпия ўринбосарлари мактабини ихтисослаштирилган спорт мактабига айлантиришда унинг бино ва иншоотлари тўлиқ янгиланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 565 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. “Сўғдиёна” спорт мажмуасидаги яккакураш спорт турларига мўлжалланган спорт зали ҳам янги мактаб тасарруфига ўтказилди. Янги бино ва мажмуадаги замонавий спорт заллари, хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланди, мунтазам шуғулланиш учун барча қулайлик яратилди.

Айни пайтда мактабда мингдан зиёд ўқувчига олтмишга яқин мутахассис белгиланган жадвал асосида спорт сирларини ўргатмоқда. Энди бу ерда халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти ҳам мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида мактабда яккакураш спорт турлари бўйича 17 марта мамлакат ва вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказилгани фикримиз исботидир.

– Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади, – дейди мактаб раҳбари Ҳусан Жонзоқов. – Жамоамиз ушбу ғамхўрликка жавобан иншоотларнинг қувватидан тўлиқ фойдаланиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш, истеъдодини рўёбга чиқаришда бор билим ва маҳоратини ишга солмоқда. Бу мақсад йўлидаги меҳнатимиз самараси ўқувчиларимиз эришаётган муваффақиятларда намоён бўлаётир. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Отабек Холматов Россияда ўтказилган бокс бўйича халқаро турнирда биринчи, Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчимиз Жалолиддин Ўктамов Чимкент шаҳрида ташкил этилган халқаро турнирда ғолибликни қўлга киритди.

Мактабда ўқувчиларнинг маҳоратини ошириш мақсадида шаҳар, вилоят, мамлакат миқёсидаги турнирларда қатнашиш баробарида, йиллик тақвим режасига асосан гуруҳлар ўртасида саралаш мусобақалари мунтазам ўтказилади. Жорий йилнинг ўтган даврида спортнинг бокс, таэквондо, ўзбек жанг санъати каби турлари бўйича вилоят ҳамда мактаб очиқ биринчилиги ўтказилди.

Яккакураш спорт турларига ёшларнинг қизиқиши ортиб бораётгани, таълим тизимини такомиллаштириш талаби моддий-техник базани мустаҳкамлашни ҳам узлуксиз жараёнга айлантирмоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мактабда яккакураш спорт турларига мўлжалланган қўшимча спорт иншооти қурилиши бошланди. Айни пайтда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Янги спорт зали мактабнинг имкониятларини янада кенгайтиради.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА