ЎзА Ўзбек

30.06.2014 12:41 Болалар спорти

Ўзбек шахматчиларининг юксак салоҳияти

Ўзбек шахматчиларининг юксак салоҳияти Пойтахтимизда шахмат бўйича 12 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз 6 олтин, 4 кумуш ва 4 бронза медални қўлга киритди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб спорт турлари қатори шахмат ҳам тобора оммалашмоқда. Ўзбек шахматчилари жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Пойтахтимизда ўтган Осиё чемпионати ҳам шахматчиларимиз учун ғалабаларга бой бўлди.

Осиё шахмат федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси томонидан ташкил этилган қитъа чемпионатида 200 нафарга яқин шахматчи ғолиблик учун дона сурди.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ўн ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида мўғулистонлик Ганзориг Амартувшин, Бацурен Дамбасурен, ҳиндистонлик Моҳан Кушагра, Ритвик Ража, Прагнанандҳа ва Сарин Ниҳал, вьетнамлик Мин Тиен Нгуен ва Дук Три Нго ҳамда жамоадоши Жавоҳир Синдоров устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди.

Чемпионат доирасида ўтган блиц турнирда у кумуш медални қўлга киритди.

– Осиё чемпионатида ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Н.Абдусатторов. – Мусобақадаги ҳар бир ўйин қийин кечди. Шунга қарамай, ғолиб бўлиш, яқинларим ва устозларимнинг ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилдим ва мақсадимга етдим.

– Ўзбек шахматчиларининг истеъдод ва салоҳияти таҳсинга лойиқ, – дейди ҳиндистонлик шахматчи Сарин Ниҳал. – Айниқса, Нодирбек ва Жавоҳирнинг ўйини менда катта таассурот қолдирди. Улардан кўп нарса ўргандим.

Ўн икки ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев етти турдан иборат рапид – тезкор шахмат баҳсларида тожикистонлик Суҳробжон Аввалбоев, ҳиндистонлик Ананд Саурабҳ ва Сриватшав Раҳул, қирғизистонлик Руслан Сездбеков, мўғулистонлик Отгонбаяр Чингуунни мағлубиятга учратди. Ҳиндистонлик Аравинд Рам ва яна бир шахматчимиз Муҳаммадали Абдураҳмонов билан дуранг ўйнаган Нодирбек 6 очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Иқтидорли шахматчимиз блиц турнирда кумуш, классик шахмат бўйича бронза медаль билан ҳам тақдирланди. Ушбу ёш тоифасида қатнашган Шамсиддин Воҳидов блиц турнирда учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида Дилбар Ҳамроева классик шахмат бўйича бронза медални қўлга киритди.

Олти ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Абдулбосит Шарифжонов шахмат бўйича Осиё чемпионлигини қўлга киритган бўлса, Оқжол Раҳматуллаев рапид йўналишида олтин медалга сазовор бўлди.

Саккиз ёшгача бўлган ўғил-қизлар мусобақасида ҳам шахматчиларимиз муносиб иштирок этди. Шахматнинг рапид ва блиц йўналишида жаҳон чемпиони Исломбек Синдоров қитъа чемпионатининг блиц турнирида олтин медални қўлга киритган бўлса, Султон Турсунов кумуш медаль билан тақдирланди. Классик шахмат бўйича Олмоз Раҳматуллаев иккинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида ўтган блиц турнирда Мафтуна Бобомуродовага тенг келадигани топилмади. Омина Назарова рапид йўналишида бронза медални қўлга киритди.

ЎзА, Байрам Айтмуродов, Аъло Абдуллаев (сурат)