ЎзА Ўзбек

25.11.2014 18:29 Болалар спорти

Зарафшонда янги спорт мажмуаси

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Кунлик машғулотларга 140 нафардан зиёд ўғил-қизни жалб этиш имкониятига эга ушбу масканда барча қулайликлар яратилган.

Иншоотнинг очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ўз самарасини бераётгани, жойларда замонавий спорт объектлари барпо этилаётгани ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишини янада ошираётгани, спорт билан мунтазам шуғулланаётган болалар сафи кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

12-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига тегишли ушбу мажмуа спорт зали, майдони ва кичик стадионни ўз ичига олган. Бу ерда футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, таэквондо (WTF), бадиий гимнастика каби спортнинг 11 тури билан шуғулланиш учун имконият мавжуд.

– Мактабимизда 750 нафарга яқин ўғил-қиз тарбияланмоқда, – дейди 12-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Маткомил Қиличев. – Илгари улар спортнинг ўзлари қизиққан турлари билан шуғулланиши учун имконият етарли эмас эди. Эндиликда бу борада муаммо бўлмайди.

Спортсевар ёшларга давлатимиз томонидан барча қулайлик ва имкониятлар яратиб берилаётгани туфайли улар халқаро мусобақаларда муваффақият қозонмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган халқаро турнирда мазкур мактаб ўқувчилари Дилшод Қаршибоев ва Акмал Чўлиев ўз вазн тоифасида биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритгани бунга мисолдир.

Н.Раҳимов, ЎзА