Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.07.2015 17:43 Болалар спорти

Замонавий иншоотлар – ёш авлод хизматида

Сурхондарё вилоятида жорий йилда 36 янги болалар спорти иншооти барпо этиш, учтасида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайиши, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий ғурур туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2003-2014 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятда 83 мактаб спорт зали, бешта сузиш ҳавзаси, ўттиз олти намунавий спорт иншооти, ўн еттита болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан барпо этилди, тубдан реконструкция қилинди. Ҳеч кимдан кам бўлмаган ёш авлодни вояга етказишдек олижаноб мақсадларга хизмат қилаётган ушбу иншоотлар қурилиши учун 65 миллиард сўмга яқин маблағ сафрланди.

– Болалар спортини ривожлантириш юзасидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик барча шароитларга эга замонавий иншоотларда спорт секциялари сонини кўпайтириш, ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали директори Фахриддин Абдурасулов. – Масалан, 2013 йили вилоятдаги болалар спорти иншоотларида 612 спорт секцияси фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 655 тадан ошди. Спорт объектларининг кунлик ўртача бандлигини 2013 йил билан таққослаганда 9,2 соатдан 9,8 соатга етди.

Бундай замонавий шароитларда жисмонан тобланиб, маънан юксалаётган ўғил-қизлар нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси эндиликда нафақат замонавий иншоотлар қурилиши, балки сайёрамизнинг турли давлатларида бўлиб ўтаётган мусобақаларда иштирок этиш истагини билдираётган ёш спортчиларни молиявий қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, 2014 йил мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан сурхондарёлик 34 ёш спортчи дунёнинг турли давлатларида ўтказилган ўнга яқин халқаро беллашувларда 5 олтин, 5 кумуш ва 11 бронза медалини қўлга киритди. Уларнинг 9 нафари қизлар экани янада қувонарлидир. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг ўнга яқин ёшлари дунёнинг турли давлатларидан олтин, кумуш ва бронза медаллар билан қайтди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2015 йилга мўлжалланган дастури доирасида бу йил ҳам воҳада бир неча замонавий спорт иншоотлари бунёд этилмоқда. Шўрчи тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида барпо этилаётган ёпиқ сузиш ҳавзаси, Жарқўрғон туманидаги 46-умумтаълим мактабида бешинчи тип болалар спорт мажмуасида ёш авлод учун барча қулайлик яратилади. Ангор, Олтинсой, Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Сариосиё туманларидаги ўттиз тўртта умумтаълим мактаби қошида бунёд этилаётган замонавий спорт заллари ўқувчи-ёшларни спортга янада кенг жалб этишга хизмат қилади. Қизириқ, Узун, Музработ туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари иншоотлари тубдан реконструкция қилинаётир.

– Барпо этилаётган ёпиқ спорт зали ва қўшимча хоналарда ёшлар спортнинг ўзлари қизиққан тури билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилмоқда, – дейди “Кафолат – Термиз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шойим Эломонов. – Бу спорт иншооти ёшларимизнинг халқаро миқёсда Ватанимиз шарафини улуғлашига хизмат қилишини ўйласам, касбимдан, қилаётган ишимдан ғурурланиб кетаман.

Вилоятда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ривожланишида спортнинг оммавийлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлили йўлга қўйилган. Мониторинг натижаларига кўра, спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларнинг антропометрик кўрсаткичлари динамикаси ўзгаришида, касалланиш даражасининг пасайишида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, болаларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши уларнинг вазн ва бўй ўсишидаги ўзгаришларда яққол кўзга ташланаётир. 2004 йил етти ёшдаги ўғил болалар вазни 20,2 килограммни ташкил этган бўлса, ўтган йили 25,5 килограммга етди. Шу даврда ўн тўрт ёшдаги ўғил болалар вазни 42,2 килограммдан 47 килограммгача ошди. Худди шундай етти, ўн ва ўн тўрт ёшдаги қизлар вазнида 3,2, 6,9, 6,4 килограмм ўсиш бўлгани кузатилди. Сўнгги ўн йилда уларнинг бўй ўсишида уч-беш сантиметр ўзгариш рўй берди.

– 2004 йилда вилоятда умумий соғлом болалар 60,7 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 74,3 фоизга етди, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдусамад Норқобилов. – Ўн йилда енгил хасталиклар билан касалланган болалар 8,6, сурункали касалликларга учраган ўғил-қизлар 5 фоизга камайди. Юртимизда қад ростлаётган янги, замонавий болалар спорти иншоотлари ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА