ЎзА Ўзбек

25.10.2017 17:06 Болалар спорти

Юксак мақсадларни кўзлаётган ёшлар

Юксак мақсадларни кўзлаётган ёшлар Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига келган киши бу ерда яратилган шароитлардан, табиатнинг гўзаллигидан, ҳавонинг мусаффолигидан яйраб, ўзида бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш учун куч-ғайрат сезади. Шунинг учун ҳам мактаб тарбияланувчиларидан ташқари яқин атрофда яшовчиларнинг кўпчилиги кунини ушбу маскандан бошлайди: кимдир стадионда югуради, яна биров турникка тортилади, бошқаси бадантарбия билан шуғулланади.

Бу мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ғоялари тобора оммалашиб бораётгани, спорт чин маънода умуммиллий ҳаракатга айланаётганининг тасдиғидир.

– Мен шу мактабда спортнинг каратэ тури билан шуғулланаман, – дейди Исмоил Ёқубов. – Хабарингиз бор, каратэ 2020 йили Токиода бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган. Менинг мақсадим ҳам келгусида Ватанимиз довруғини дунёга таратишга улуш қўшишдир. Ҳозир Ўзбекистон кубоги мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўряпман.

16 ёшли Исмоил 9 йилдан буён ушбу мактабда Қаҳрамон Деҳқонов қўл остида мунтазам шуғулланиб келмоқда. Истеъдодли спортчимиз шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, 2014 йили Малайзияда ўтган Осиё кубогида кумуш медални қўлга киритди.

4.jpg

Cпорт соҳасида эришилаётган ютуқлар мамлакатимизнинг дунё миқёсида обрў-эътибори ошишига хизмат қилмоқда. Спортчиларимиз Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, кўплаб халқаро турнирларда шоҳсупанинг юқори поғоналарини эгалламоқда.

Бу муваффақиятлар соҳани ривожлантиришнинг яхлит тизими яратилгани, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ишига давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилаётгани самарасидир. Президентимиз раҳнамолигида жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилмоқда.

Ёш авлоднинг юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва тафаккурга эга, шу билан бирга соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қиладиган, жисмонан соғлом, руҳан тетик инсонлар этиб вояга етишида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилган ва замонавий талаблар асосида жиҳозланган болалар спорт мажмуалари, сув ҳавзалари, спорт заллари ва майдонларининг ўрни беқиёсдир.

Мазкур спорт мактабида 760 дан ортиқ тарбияланувчига 24 малакали мураббий спорт сир-асрорларини қунт билан ўргатмоқда. Мактаб футбол, бокс, бадиий гимнастика, дзюдо, каратэ, таэквондо, юнон-рум кураши, миллий кураш, қиличбозлик, оғир атлетика каби спорт турларига ихтисослашган.

13.jpg

– Бугун болалар учун барпо этилган мана шундай спорт мажмуалари, уларда яратилган шарт-шароитларни кўриб ич-ичимиздан қувонамиз, – дейди мактаб директори Дилшод Маҳмудов. – Мактабимизда ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларнинг халқаро спорт мусобақаларда юқори натижаларга эришишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.

– Ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси соғлом фарзандни вояга етказишдир, – дейди мураббий Қаҳрамон Деҳқонов. – Бу жараёнда болаларнинг ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиши муҳим. Чунки спорт боланинг ўз устида ишлаши, қатъиятлик ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади. Бугун спортга меҳр қўйган ўғил-қизларнинг ҳаммаси ҳам келажакда чемпион бўлмаслиги мумкин. Аммо уларнинг тани соғлом, руҳи тетик, фикри тиниқ бўлиши аниқ.

Мактабнинг каратэ секциясида юзга яқин ўғил-қиз қатнашмоқда. Ҳар бир гуруҳда ҳафтасига уч маротаба бир ярим соатдан машғулот ўтказилади. Мураббийнинг таъкидлашича, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олганидан буён мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда.

Мактабда халқаро майдонда юксак ютуқларга эришган профессионал спортчилар билан тез-тез учрашувлар ўтказилади. Жумладан, тажрибали боксчимиз Элшод Расулов, стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Саида Маҳмудова, каратэ бўйича халқаро турнирлар ғолиби Ҳилола Бадалова каби таниқли спорт усталари билан учрашувлар ва улар ўтказган маҳорат дарслари болаларда катта таассурот қолдирди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА