ЎзА Ўзбек

21.10.2014 16:43 Болалар спорти

Юксак эътиборга муносиб авлод

“Соғлом авлод деганда, шахсан мен, энг аввало, соғлом наслни, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга, руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади”.

Президентимиз Ислом Каримовнинг бу сўзлари бугун ҳаётимизда, ёшларимизнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар тарбияси, ўғил-қизларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланиб, бу жараёнда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида турли замонавий спорт иншоотлари, спорт майдонлари барпо этилиб, болаларнинг шуғулланиши учун барча шарт-шароит ва қулай имкониятлар муҳайё этилмоқда. Бу майдонлару спорт залларининг эртанги кун эгалари бўлмиш ёш ўғил-қизлар билан гавжумлиги қалбларни ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 37-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам ана шундай шароит яратилган. Ушбу мактабда 427 нафар ўқувчи йигирмага яқин мураббийдан баскетбол, футбол, каратэ, велоспорт ва бадиий гимнастика йўналишлари бўйича маҳорат сирларини ўрганишмоқда.

Спорт мактаби директори Равшан Мамадалиевнинг айтишича, мактабнинг шотакан каратэ тўгараги мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоасига кўплаб истеъдодли спортчиларни етказиб бермоқда. Бунда малакали мураббий Фозил Худойназаровнинг хизматлари катта. Ҳозир тажрибали мураббий қўл остида қирқ нафарга яқин ўқувчи яккакураш сирларини пухта эгалламоқда.

– Ҳозир ҳар бир мактабда спорт заллари мавжуд, – дейди Ф.Худойназаров. – Энг муҳими, уларнинг барчаси болалар билан гавжум. Ёшлар кенг имкониятлар ва яратилган шароитлардан оқилона фойдаланмоқда.

Шотакан каратэ тўгарагида маҳорат оширган Ойбек Мирвоҳидов, Муҳаммадали Раҳматуллаев, Самар Ҳамроев, Ҳасан Абдушукуров, Фаррух Омонов сингари ўқувчилар мамлакат биринчиликлари ва халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, О.Мирвоҳидов, М.Раҳматуллаев ўсмирлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ўз вазн тоифасида уч йил давомида кетма-кет ғолиб бўлди. 2014 йили Сингапурда ташкил этилган халқаро турнирда Самар Ҳамроев ва Ҳасан Абдушукуров мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси сафида биттадан олтин ва кумуш, Фаррух Омонов бронза медални қўлга киритди.

Нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган ёш спортчиларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган доимий ғамхўрлик ва эътиборнинг самарасидир.

Даврон Суннатов, ЎзА