ЎзА Ўзбек

07.04.2016 14:59 Болалар спорти

Юксак эътибор самараси

Юксак эътибор самараси Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2003-2015 йилларда Андижон вилоятида 176замонавий спорт иншооти барпо этилди, мавжудлари таъмирланди. Ушбу спорт иншоотларининг 150 таси қишлоқ жойларда қад ростлаганини алоҳида қайд этиш керак.

– Ўтган йили вилоятда 13 иншоот, жумладан, 9 умумтаълим мактабининг спорт зали барпо этилди, 4 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилояти филиали раҳбари Неъматулло Абдураҳмонов. – Барчаси 55 турдаги замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди. Спортчи қизларга 394миллион сўмлик 13 минг 80 комплект спорт формаси берилди.

Асака тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабини реконструкция қилиш асносида ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди. Таркибида маъмурий бино, ечиниш, кийиниш ва ювиниш хоналари ҳамда бошқа зарур инфратузилмалар мавжуд бўлган мажмуанинг ишга туширилиши яна минглаб ёшларнинг сузиш билан шуғулланишига имконият яратди. Улардаги шароит ва имкониятлардан нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар ҳам хурсанд.

2015 йилда жамғарма вилоят бўлими ташаббуси билан туман, шаҳар ва вилоят миқёсида 450 дан ортиқ оммавий спорт тадбири, шунингдек, 28 маротаба республика спорт мусобақаси ўтказилди. Ушбу тадбирларда 72 мингга яқин ўқувчи қатнашди. Уларнинг 34 минг нафари қизлардир. Машҳур спортчилар иштирокида 70 га яқин маҳорат машғулотлари ўтказилгани болаларнинг спортга қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Спорт билан шуғулланувчи болалар сафи йил сайин кенгайиб, эришилаётган натижалар ҳам шунга яраша салмоқли бўлмоқда. 2011 йилда вилоятдаги 1400 дан зиёд спорт тўгарагида 40 минг бола спорт билан мунтазам шуғулланган ва турли мусобақаларда жами 981 медални қўлга киритган бўлса, ўтган йили 1900 га яқин спорт тўгарагида 50 мингдан ортиқ ёш спорт билан мунтазам шуғулланди. 600 га яқин андижонлик ёш спортчи 1 минг 996 медалга сазовор бўлди.

Кейинги йилларда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар сузиш спорт мактаби тарбияланувчилари орасидан бир неча мамлакат чемпионлари, қатор халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиқди.

29 гуруҳ таркибида 316 нафар бола таҳсил олаётган мазкур мактабда болаларнинг сузиш билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган.

– Андижонда, хусусан, мактабимизда сузиш спорти бўйича ўз анъаналарига эга тажриба мактаби шаклланган, – дейди бош мураббий Рустам Амилов. – Шу боис шогирдларимиз турли мусобақаларда фақат юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Дарҳақиқат, 2015 йилда мактаб тарбияланувчилари мамлакат миқёсидаги турнирлар, республика чемпионати ва кубоги мусобақаларида 144 олтин, 109 кумуш, 70 бронза медални қўлга киритди. Шоҳсанам Тошпўлатова, Шаҳноза Содиқова, Фотима Амилова, Собит Амилов, Муслима Одилова, Рената Тухсинова, Нодира Шамсутдинова, Темур Язиков, Иброҳим Мажидий, Рустам Тешабоев сингари ёш спортчилар бунга салмоқли ҳисса қўшдилар.

Яратилаётган бундай кенг шароит ва имкониятлар навқирон авлодимизнинг соғлом ва дуркун униб-ўсиши, Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини кенг намоён этишида юксак самаралар бермоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА