ЎзА Ўзбек

09.04.2015 11:45 Болалар спорти

Юксак чўққилар сари

Аъзамжон пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Тарновбоши маҳалласидаги 35-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс тўгарагига қатнайди. У жорий йилда Хоразм вилоятида ўтадиган “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларига пухта тайёргарлик кўрмоқда.

– “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг мамлакат босқичига йўлланма олдим, – дейди Аъзамжон Муҳаммаджонов. – Мураббийим Алишер Бобохўжаев билан машғулотлар ўтказмоқдамиз. Мақсадим – ушбу мусобақанинг финал босқичида ҳам ғолиб бўлиш.

Мамлакатимизда ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, маҳоратли спортчилар ва малакали мураббийларни тайёрлаш, терма жамоалар захирасини бойитишда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг ҳиссаси катта. Яшнобод туманидаги 35-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби шундай масканлардан.

2013 йилда мазкур спорт мактабида 200 нафар ўғил-қиз шуғулланишни бошлаган бўлса, айни кунда улар 700 нафардан ошди. Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни спортга жалб этиш, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш, истеъдодли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

Мактаб 2010 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан капитал реконструкция қилинди. Бокс ринги, сув ҳавзалари, ювиниш, тиббиёт хоналари тубдан таъмирланиб, спорт жиҳозлари, тренажёрлар билан таъминланган.

Тарбияланувчилар дарсдан сўнг ҳар куни футбол, сузиш, бадиий гимнастика, триатлон, бокс, ўзбек жанг санъати каби спорт турлари билан малакали мураббийлар қўл остида шуғулланмоқда.

– Мактабимизда ёшларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун барча зарур шароит яратилган, – дейди мактаб директори Ботир Зокиров. – Жорий йилда тарбияланувчиларимиз ўзбек жанг санъати ва сузиш бўйича мамлакат чемпионатларида ғолиб бўлди. Сузиш ва бокс бўйича “Умид ниҳоллари – 2015” мусобақаси саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, бокс секцияси тарбияланувчилари Жаҳонгир Эргашев, Абдулла Комилжонов, Ҳусниддин Одилов, Аъзамжон Муҳаммаджонов, Нодир Анваров, Жасур Комилов мусобақанинг якуний босқичига йўлланма олди. Сузиш бўйича Малика Раҳимова, Александр Чирков ва Вячеслав Руднев ҳам мазкур спорт байрами финалида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мактабнинг ўзбек жанг санъати секцияси тарбияланувчилари мамлакат чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаб, терма жамоаларга жалб этилмоқда. Достон Йўлдошев, Мафтуна Худоёрова, Аҳмад Турдиохунов, Севинч Сафарова каби ёш спортчилар эришаётган ютуқлар бунга мисолдир.

– Спорт ёшларнинг иродали, қатъиятли, олдига қўйган мақсади сари интилувчан бўлиб вояга етишига хизмат қилади, – дейди ёш спортчи Д.Йўлдошев. – Шу боис оиламизда спортга қизиқиш катта. Юртимизда ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун имкониятлар кенг. Ниятим, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлиш.

Нурилло Насриев, ЎзА