ЎзА Ўзбек

04.06.2015 16:06 Болалар спорти

"Ёшлик" болаларни чорлайди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сузиш бола саломатлигини мустаҳкамлаш, унинг жисмонан бақувват ва кўркам бўлиб улғайишида алоҳида аҳамиятга эга. Сув спорти кўп хасталикларнинг олдини олиш ва асоратларини даволаш, танада қон айланиши ва мушаклар фаолиятини яхшилаш, асаб тизими, нафас йўллари касалликлари профилактикасида муҳим омилдир.

Сузиш билан шуғулланиш боланинг суяк тўқималари ўсиши ва мустаҳкамланишига шароит яратиб, иммун тизими, уйқу ва иштаҳа яхшиланиши, ортиқча вазндан халос бўлишида қўл келади.

Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш, уни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида спортчиларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак марраларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтараётир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён Фарғона вилоятида 138 замонавий спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди, барча зарур спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан шаҳар ва туманларда 9 сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди. Айниқса, вилоят марказида бунёд этилган ёпиқ сузиш ҳавзаси фарғоналик ёшлар учун ажойиб туҳфа бўлди. Бунинг самарасида кейинги йилларда бошқа спорт турлари қатори сузиш билан шуғулланувчи ёшлар сафи ҳам тобора кенгаймоқда.

Марғилон шаҳридаги “Ёшлик” сув спорти мактаби ёшларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда 200 га яқин тарбияланувчи сузиш билан мунтазам шуғулланмоқда. Болалар етти ёшдан қабул қилинадиган мактабда тўрт босқичли машғулотлар орқали сузиш сирлари ўргатилмоқда.

Кейинги йилларда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейи арафасида бунёд этилган мазкур мажмуа фаолиятида бир оз сусайиш ҳолати кузатилган эди. Шаҳар ва атроф туманлардаги сув спортига қизиқувчи ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида мактаб шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфига ўтказилди. Мажмуа тўла қувват билан ишлаши учун барча шароитлар яратилди.

– Ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс, – дейди мактаб директори Камолиддин Акбаров. – Сузиш билан шуғулланиш истагини билдираётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Ёзги таътил даврида ўқувчиларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида аниқ тадбирлар белгилаб олганмиз. Мақсадимиз, болалар ва қизлар ўртасида сузишни янада оммалаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилишдир.

Мазкур мактабда сузиш спортини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўғил-қизларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда ўз иқтидорини кенг намоён этишига хизмат қилаётир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА